Хусусан, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси, Самарқанд давлат тиббиёт институти, Ёшлар иттифоқи, СЭОМ, Миллий гвардия, мудофаа, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар бошқармалари ва яна бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида вилоятда коронавирус пандемиясининг асоратларини камайтириш, беморларни даволаш, кузатувга олиш ва касалликка қарши курашишда самарали тизим ишлаб чиқилди.

Юқорида тилга олинган ташкилотлар иштирокида ҳар куни штаб йиғилишлари ўтказилиб, вазият жиддий таҳлил қилинмоқда. Бир қанча йўналишларда ишлар олиб бориляпти.

Ҳозирги вақтда Самарқанд давлат тиббиёт институтида «1105» қисқа рақам билан ишлайдиган «Сall-markaz» – тиббий маслаҳат маркази фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу марказ шунчаки маслаҳат берибгина қолмай, унинг негизида онлайн поликлиника ҳам ишлаб турибди. Поликлиникага пухта билим ва тажрибага эга мутахассислар бириктирилган.

Ҳозирга қадар «Сall-markaz»га фуқароларимиздан 5000 дан ортиқ мурожатлар келиб тушди ва ўз вақтида керакли маслаҳатлар берилди.

Шунингдек, Ёшлар маркази ташаббуси билан 100 нафардан ортиқ ёшлар волонтёрлик ҳаракатларига жалб қилинди. Улар шаҳар ва туманлардаги тез тиббий ёрдам хизматларида, колл-марказларда ва онлайн поликлиникаларда хизмат қиляпти.

Бугунги кунда вилоятда яхши тажриба қўлланилмоқда. Айтиш лозим, «103» телефон рақами орқали иситмаси кўтарилганини маълум қилган беморлар ҳар қандай ҳолатда провизор госпиталга жойлаштириляпти. Мазкур госпитал Самарқанд шаҳридаги «Регистон» меҳмонхонасида ташкил қилинган бўлиб, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан 11 та мобил тез ёрдам бригадаси бириктирилди. Ушбу госпиталнинг аҳамиятли томони шундаки, иситмаси бўлган бемор уч кунгача сақлаб турилади. Уларга биринчи ёрдам кўрсатилади, Covid–19га таҳлил олинади. Уч маҳал овқат ва бирламчи дори-дармонлар билан таъминланади.

Беморнинг ҳолати тезда ижобий томонга ўзгариб, касаллик аломатлари кузатилмаса, уйига жавоб берилади. Енгил ҳолатдагилар эса доимий назоратда бўлиши учун махсус ташкил қилинган шифохоналарга жойлаштирилиб, кузатувга олинади.