Озарбойжон-Арманистон чегарасида кескинлик кучайиб бормоқда. 12 июль куни пешин вақти Арманистон Озарбойжоннинг Товуз туманига ҳужум қилди ва Озарбойжон қуролли кучларининг жавоб қайтариши билан ортга чекинишга мажбур бўлди. Тўқнашувлар оқибатида икки томон ҳам жиддий йўқотишларга учрагани, хусусан, Озарбойжоннинг 7 аскари, Арманистоннинг эса ўнлаб аскарлари ҳалок бўлгани айтилмоқда. Аммо шунга қарамай, икки томон ҳам ўз тажовузкор позициясини давом эттирмоқда. Айтиш мумкинки, мазкур вазият минтақавий уруш сценарийларининг яна бир бор «кадрга кўчиши»га олиб келди.

Фото: Reuters

Воқеага ким қандай муносабат билдирмоқда?

Арманистоннинг тажовузига нисбатан Туркия жиддий реакция берди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Арманистоннинг ҳужумларини қоралади ва уни халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга, босиб олинган ҳудудларни тарк этишга чақирди.

ОАВда Туркия Озарбойжон армиясига ёрдам учун туркиялик ҳарбийлар ва Сурия шимолидаги Сурия озодлик армияси гуруҳи жангариларидан таркиб топган бўлинмаларни юборишга тайёрлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Россия эса томонларни сулҳ шартларига риоя қилишга ундади ва агар керак бўлса, томонлар ўртасида воситачилик қилиши мумкинлигини маълум қилди. АҚШ, Англия ва Ғарбнинг бошқа давлатлари томонларни мўътадил бўлишга чақирди.

Покистон Арманистоннинг ҳужумларини кескин қоралади ва Озарбойжонни қўллаб-қувватлашини билдирди. Украина ва Молдова икки томонни муросага чақириш баробарида Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишни ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Арманистон томонидан ҳужум ҳаракатлари тўхтатилишини назарда тутувчи 822, 853, 874 ва 884-сонли резолюцияларга амал қилишни сўради. Масалани халқаро ҳуқуқнинг асосий принципларига ва айниқса, ҳудудий яхлитлик тамойилига мувофиқ ҳолда ҳал этиш лозимлиги билдирилди. Ҳатто Украинанинг Еревандаги элчиси Арманистон Ташқи ишлар вазирлигига ташриф буюриб, юзага келган ҳолат жиддий ташвиш уйғотаётганини ифода этди.

Эрон ҳам йўқотишлардан афсусда эканлигини билдирди ва томонларни сулҳга чақирди. Озарбойжон ва Эрон ташқи ишлар вазирларининг телефон орқали бўлиб ўтган суҳбатида Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш билдирилди.

БМТ, Европа Иттифоқи (ЕИ), Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), НАТО, шунингдек, Арманистон аъзо бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) сулҳ бузилиши ва қизғин можароларнинг бошланишидан безовта бўлганликларини маълум қилдилар. Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ҳужумларида Арманистонни айблаб, Озарбойжонни қўллаб-қувватлади.