• Молиявий воситачилик ва оммабоплик индекси;
  • Молиявий барқарорлик индекси.

Марказ ўз тадқиқотида 27та тижорат банки учун фаоллик индексини баҳолайди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон банк тизимида 31та тижорат банки фаолият олиб бормоқда. Шулардан 13та банк давлат улуши мавжуд банклар бўлса, 16та банк хусусий банклар ёки чет эл капитали иштирокидаги банклар ҳисобланади. 2019 йил июль ойидан бошлаб Қозоғистон «Halyk bank»нинг шўъба банки сифатида «Тенге банк» ўз фаолиятини бошлади. «Payme» тўлов хизмати акциялари бошқарув пакетини сотиб олган Грузиянинг «TBC» банки жорий йил апрель ойидан банк фаолиятини амалга оширишни бошлади.

Банклар уч гуруҳга бўлинди: давлат улуши мавжуд йирик банклар; рақобатчи банклар; марказлашган банклар (Савдогар банкнинг 13 та ҳудудда 19 та филиали, Универсал банкнинг 3 та ҳудудда 4 та филиали бўлишига қарамасдан, ушбу банклар активлари, кредит қўйилмалари, капитали ва депозитлари ҳажмидан келиб чиқиб марказлашган банклар гуруҳига киритилди):

«2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси»да таъкидлаб ўтилган банк тизимидаги муаммоларни инобатга олиб, «Банклар фаоллик индекси»нинг биринчи субиндекси сифатида молиявий воситачилик ва оммабоплик индекси ҳисобланди.

Ушбу кўрсаткични аниқлашда жамғарма ва муддатли депозитларнинг жами кредитлар қўйилмаларига нисбати, бошқа банклар ва молия институтларидан олинган маблағларнинг жами мажбуриятлардаги улуши ҳамда банк активларининг шаклланишида ҳукуматдан олинган молиявий маблағларнинг аҳамиятига эътибор қаратилди.

Молиявий воситачилик

Тижорат банкларининг жамғармаларни банк тизимига жалб қилиш ҳамда ушбу жамғармаларни молиявий ва иқтисодий нуқтаи назардан энг самарали лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтириш салоҳияти банкларнинг молиявий воситачи сифатида фаоллигини белгилаб беради.