«Мамлакатимизда яширин иқтисодиёт даражаси юқори. Шу боис кейинги йилларда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиёт улушини камайтириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, валюта бозори эркинлаштирилди, янги солиқ тизими жорий этилди, 100 га яқин рухсат бериш ва лицензиялаш қоидалари қисқартирилди. Буларнинг натижасида охирги 5 йилда саноатда норасмий сектор улуши 20 фоиздан 6 фоизга тушган.
Йиғилишда бу борадаги ишлар етарли эмаслиги қайд этилиб, галдаги вазифалар муҳокама қилинди. Халқаро ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда, яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича стратегия ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
Давлат раҳбари яширин иқтисодиётга қарши курашишда эҳтиёт бўлиш, иқтисодий фаолликка зарар етказиб қўймаслик, бунинг учун давлат органлари, бизнес ва жамоатчилик ҳамжиҳатликда ишлаши муҳимлигини таъкидлади.
Солиқ ислоҳотларини изчил давом эттириб, яширин иқтисодиётга йўл қўймайдиган тизим жорий этиш вазифаси қўйилди. “Инсофли солиқ тўловчи” тизимини шакллантириб, шу йил якунига қадар Тошкент шаҳрида намуна сифатида амалга оширишга кўрсатма берилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Давлат харидлари ва инвестиция лойиҳаларида коррупцияга чек қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Молия вазирлигига бу борада шаффофликни таъминлаш, жамоат назорати ва рақобатни кучайтириш мақсадида Давлат харидлари ахборот порталини ишга тушириш топширилган.
Эндиликда ҳар бир инвестиция лойиҳаси коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиши белгиланди. 2021 йилдан бошлаб ушбу тизим марказлашган маблағлар ҳисобига амалга ошириладиган барча лойиҳаларга татбиқ этилади.
Давлат органларида ҳам яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши мувофиқлик тизими жорий этилмоқда. Хусусан, Қурилиш, Соғлиқни сақлаш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларида, «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятларида бу борада ишлар бошланган. Йил якунигача яна 14та ташкилотда ва давлат улушига эга 10та банкда ушбу тизимни жорий этиш вазифаси қўйилди.
Соҳалар ва йўналишлар кесимида коррупцияга қарши курашиш бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқиш ҳамда ижросини муҳокама қилиб бориш юзасидан топшириқлар берилди.
Шунингдек, давлат органлари, корхоналар ва ҳудудларда коррупция ва яширин иқтисодиёт рейтинг методикаси ишлаб чиқилиши белгиланди. 2021 йилдан бошлаб ушбу рейтинг натижалари эълон қилиб борилади, шу асосида барча раҳбарларнинг шахсий масъулияти баҳоланади.
















