Касалликнинг аҳоли орасида тарқалиши кўпайиб, карантин талаблари кучайтирилар экан, ўзбекистонлик фуқароларда ҳуқуқий масалаларда кўплаб саволлар туғилмоқда. Бу борада турли қарама-қарши фикрлар айтилмоқда.

Биз карантин чоралари ва тузилган муваққат комиссияларнинг Ўзбекистон қонунчилиги ва конституцияга қанчалик мослиги ҳамда билдирилаётган эътирозлар борасида Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов билан суҳбат уюштирдик.

– Юқорида айтганимиз аҳоли томонидан билдирилаётган эътирозли фикрлар сизнингча нимадан далолат беради?

– Албатта ҳар бир ҳуқуқий демократик давлатда маълум бир ҳуқуқий масала бўйича фикрлар қарама-қарши бўлиши бу табиий жараён ҳисобланиб, бу қуйидагилардан далолат беради:

биринчидан, фуқаролардан саволлар келиб тушиши, қарама-қарши фикрлар айтилишининг барчаси фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва дунёқараши ўзгараётганлиги, жамиятда бўлаётган жараёнларга нисбатан ўз фикрларини эркин ифода этиши, ўзларининг келажаги ва тақдирига нисбатан бефарқ муносабатда бўлмаётганлигини англатади.

Адлия вазирлигининг бугунги кунда олдида турган энг асосий вазифаларидан бири бу аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш билан бир қаторда ўз ҳуқуқларини талаб қилиб олишга ўргатиш ҳам ҳисобланади.

Фуқаролар ҳуқуқини таниб, ўз ҳуқуқларини керакли жойда талаб қилиб олсалар биз ўз олдимизга қўйган мақсадимизга эришган бўламиз.

иккинчидан, фуқароларда дахлдорлик туйғуси кучаймоқда. Жамиятдаги ҳар бир бўлаётган ижтимоий муносабатларга нисбатан ўзларини дахлдор ҳисоблаб, ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини баён қилмоқда. Бу жараёнда фуқароларимизнинг замонамиз хусусиятидан келиб чиқиб, ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланиш маданиятининг юксалаётганлигини  кузатиш мумкин;

учинчидан, ҳозирги кўламдаги пандемия ва у туфайли киритилган карантин талаблари нафақат бизда, балки бутун дунё мамлакатларида биринчи маротаба рўй бермоқда. Шу нуқтаи назардан ҳам карантиннинг дастлабки кунларида карантин талаблари ва чекловлари билан боғлиқ тартибларга оид айрим савол келиб чиқди ҳамда бу табиий жараён ҳисобланади.

Бугунги кунда карантин ва пандемия шароитидан келиб чиқаётган ҳар қандай савол ёки масала бўйича мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган.

Қолаверса, карантин даврида аҳолининг барча қатламлари, тадбиркорлик субъектлари ва иқтисодиёт тармоқларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.