«Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 21–24 июль кунлари энерготизимдаги барқарорликни таъминлаш мақсадида республикамиз истеъмолчиларига ўртача 0,8–1,0 фоиз миқдорда чекловлар киритилган эди. Бунга асосан 2 та омил таъсир кўрсатган эди.
Биринчидан, Ўзбекистон гидроэлектростанцияларида режага нисбатан кунлик 6–7 млн. кВт•соат, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10–12 млн. кВт•соат кам электр энергияси ишлаб чиқарилаётганди. Иккинчидан, минтақада юзага келган сув танқислиги оқибатида Тожикистондан импорт амалиёти суткалик ўртача 12,0 млн.кВт•соатдан 0,3 млн кВт•соатгача камайганди.
Юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, ўртача ҳисобда 0,8–1,0 фоиз миқдордаги энергия танқислигини бартараф этиш мақсадида кўзда тутилган миқдордан 10–12 % кўп табиий газ етказиб бериш ҳисобига иссиқлик электр станцияларида режага нисбатан 8 млн. кВт•соат ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25–30 млн. кВт•соат кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Жорий йилнинг 25–26 кунлари энергетика тизимида истеъмолни чеклаш ҳолатлари кузатилмади. 27 июль куни соат 01:35 да 500 кВли Қоракўл–Сердар ҳаво тармоқлари орқали Туркманистондан электр энергияси импорт ҳажми 80 МВт, сўнгра 200 МВтга оширилди. Айни пайтда Ўзбекистонда электр энергияси танқислиги мавжуд эмас», дейилади «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ахборот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, айни пайтда 500 кВли Қоракўл–Сердар ҳамда 110 кВли Дашовуз–Шовот ҳаво тармоқлари орқали Туркманистондан Ўзбекистонга 400–430 МВт қувват етказиб берилмоқда. Бу Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси миқдорига нисбатан 4.0 - 4.5 фоизини ташкил этади. Истеъмолчиларга етказиб берилаётган электр энергиясининг асосий қисми мамлакатимизда мавжуд иссиқлик электр ҳамда гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилмоқда.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ ахборот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистонда бир кунлик электр энергияси истеъмоли ўртача 195,6 млн кВт•соатни ташкил этмоқда. Солиштириш учун 2020 йил 23 июль ҳолатига электр энергияси ишлаб чиқариш учун сарфланган табиий бойликлар миқдори: табиий газ истеъмоли 46,557 млн метр куб; кўмир – 6280 тонна; сув: 8,1 млн. метр куб.

















