Ўзбекистон | 15:55 / 03.08.2020
27032
2 дақиқада ўқилади

Пандемия шароитида дафн маросимини ўтказиш қоидалари ҳақида маълумот берилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши аъзоси Мирзамақсуд Алимов пандемия шароитида дафн маросимини ўтказиш тартиби бўйича маълумот берди.

«Оммавий дафн маросимлари – вирус тарқалиши учун қулай фурсатдир. Дафн маросимларида кўпчилик йиғилмаслиги лозим. Дафнга келганлар ижтимоий масофа – 1,5 метр оралиқни сақлашлари, тиббий ниқоб ва қўлқоп тақишлари, антисептик воситалар билан қўлларини тозалаб туришлари керак. Ўзаро кўришишни вақтинча тарк этиш муҳим.

Майит тиббий хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда ювилиши лозим. Яъни ғассол ниқоб ва қўлқопда бўлиши керак. Ғуслда ишлатилган барча нарсалар ёқиб юборилиши, челак ва бошқа асбоблар хлор каби воситалар билан дезинфекция қилиниши ҳамда 5-6 соатга қуёш остида қуритилиши керак.

Агар майит тиббий ходимлар томонидан махсус матолар билан ўраб қўйилган бўлса, уларни тиббий хавфсизлик нуқтайи назаридан очиш мумкин эмас. Бунда майитни қайта ғусл қилиш шарт бўлмайди.

Жаноза намози узоғи билан 5-7 дақиқа давом этиши лозим. Жанозада соғлиги заиф, кексалар ва ёш болалар иштирок этмасликлари керак. Қатнашувчилар ижтимоий масофани сақлашлари муҳим. Тиббиёт ходимлари майитни қабристонга олиб келишган бўлса, жаноза ўша жойда адо этилиши керак.

Дафн маросими одатдагидек амалга оширилади. Унда ҳам иложи борича кам одам иштирок этиши лозим. Дафндан сўнг қабристондан тезда уйга қайтиб, покланиш чораларини кўриш лозим. Маъракаларни фақатгина оила даврасида ўтказиш тавсия этилади», – дейди Мирзамақсуд Алимов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ коронавирусдан вафот этганларнинг жасадини бериш тартиби ўзгариши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид