Жаҳон | 11:55 / 03.08.2020
21198
2 дақиқада ўқилади

«У беларус эмас». Лукашенконинг Россияга қочиб кетган рақиби у ҳақда кескин фикрлар билдирди

Беларусда ўтказиладиган президент сайловида номзоди рўйхатга олинмаган Валерий Цепкало мамлакатнинг амалдаги президенти Александр Лукашенко ҳақида кескин фикрлар билдирди. Сиёсатчи давлат раҳбарини республика аҳолиси учун бегона деб билади.

Фото: Kremlin Pool/Global Look Press/www.globallookpress.com

Беларусдаги президент сайловида қатнашишга рухсат берилмагандан сўнг Россияга қочиб кетган Валерий Цепкало рақиби Александр Лукашенко ҳақида кескин фикрлар билдирди. Бугун у қўшни мамлакатдан туриб актив сиёсий кураш олиб боряпти. У Лукашенкони беларус халқига мутлақо бегона деб билишини билдирди.

Цепкало Лукашенко Беларуснинг амалдаги конституцияни доимий равишда бузиб келаётгани ва ҳужжатларни қалбакилаштириш билан шуғулланаётганини қайд этди. Шунинг учун сиёсатчи беларусларга «амалдаги режимнинг моҳиятини» – республикадаги ҳокимият тизимининг ҳақиқий юзини кўрсатишни хоҳлайди.

«Лукашенко, биз беларуслар ўзимизни қандай ҳис қилаётганимиз ва бизни чет элда қандай қабул қилишаётгани каби ҳақиқий беларус эмас», дейди амалдаги президентнинг рақиби. Цепкалонинг қўшимча қилишича, республика Лукашенко ирсий тарафдан ҳам, ахлоқий тарафдан ҳам мамлакат аҳолиси учун мутлақо бегона.

«Бизнинг асосий мақсадимиз – Беларусни Лукашенкодан бутунлай халос қилиш, уни бутунлай янчиб ташлаш, мажозий маънода уни ўйиндан ташқари ҳолатда қолдириш», дейди Цепкало Forbes нашрига берган интервьюсида.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, Россияга қочиб ўтганидан кейин у очиқ гапира олиш имкониятига эга бўлган. Яқинлашаётган сайловларда нима бўлишини тахмин қилишнинг иложи йўқ, деган у.

Эслатиб ўтамиз, сиёсий таъқиблардан қочиб мамлакатни тарк этган Цепкало Россияга ўз фарзандлари билан кўчиб ўтган. Унинг хотини Вероника Цепкало эса Минскда қолган ва президентликка номзодлардан бири Светлана Тихановскаянинг сайловолди штабида фаолият кўрсатмоқда.

Мавзуга оид