«Спартак» клуби «Уфа» билан яримҳимоячи Остон Ўрунов трансфери борасида келишувга эришган. ОАВ хабарига кўра, футболчи трансфери 2 миллион еврога тушган. 19 ёшли ўзбекистонлик футболчи москваликлар клуби билан узоқ муддатли шартнома имзолаган.

Ўрунов янги жамоасида 20-рақам остида тўп суради.

Хўш, Россиянинг энг номдор клубларидан бири бўлган, молиявий имкониятлари юқори бўлган «Спартак» нега ўзбекистонлик футболчини сотиб олишга қарор қилди?

«РПЛнинг энг зўр дриблингчиси»

Трансфер қандай содир бўлганининг бошқа жиҳатлари ҳақида кейинроқ гаплашсакда, аввал унинг соф футбол томонидан сабабига қарасак. «Спартак» катта клуб. МДҲ мамлакатлари орасида энг машҳур жамоалардан бири. Табиийки, Европа футболида кучлилар қаторида бораётган Россия футболи етакчиларидан бўлган бу жамоа сафида ўйнашни рус футболига бефарқ бўлмаган ҳар қандай футболчи хоҳлайди. Тўғри, ҳозир «Спартак» энг яхши ҳолатида эмас ва еврокубоклардан ҳам қуруқ қолган. Шундай бўлса-да, жамоанинг номи ҳамон кўп нарсани англатади.

«Спартак» Остон Ўруновни қандайдир шов-шув ёки пиар учун эмас, майдонда унинг ҳаракатларига эҳтиёж сезгани учун сотиб олди. Россиянинг етакчи спорт газетаси «Спорт-Экспресс» Остонга муносиб таъриф берди – РПЛнинг энг яхши дриблингчиси. Албатта, бу ерда бироз метафора бор, чунки Россия чемпионатида техник жиҳатдан жуда кучли бўлган бошқа футболчилар ҳам ўйнайди, бироқ мавсумнинг иккинчи ярмида Остон чиндан ажралиб турди. Биласизми, унинг ҳаракатлари боксчи Рой Жонсни эслатиб юборади. Эсингизда бўлса, бу афсонавий боксчи ҳимоясини очиб рақибларига очиқчасига муштлашувни таклиф қилар ва бу учун уни яхши кўришарди. Остон ҳам бир неча марта рақибларини очиқчасига дуэлга таклиф қилиб алдаб кетганини кўрдик. Айниқса, бурчак тўпи нуқтасига яқин жойда тўпни тўхтатиб, рақибининг келишини кутган вақтлари Остонни беихтиёр Рой Жонсга ўхшатиб юбориш мумкин эди.

Унинг «Спартак»ни ром этган асосий хусусияти ҳам айнан қатъияти бўлди. Ҳали ёш йигитчадаки шунчалик қатъият бўлса, йиллар ўтиб қўшилган тажриба уни қандай футболчига айлантириши мумкинлигини тасаввур қилаверинг. Албатта, ҳаммаси яхши давом этса. Ҳаммаси тўғри ва кўнгилдагидек давом этиши учун эса «Спартак» 19 ёшли футболчимиз учун мавжуд бўлиши мумкин бўлган энг яхши вариант.