Ғазода 500 минг кишига ёрдам тўхтатилди

БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури маблағ етишмаслиги сабабли Ғазо секторидаги озиқ-овқат ёрдамини қисқартиришга мажбур бўлди. Ташкилотнинг 19 октябр куни маълум қилишича, ойлик ёрдам олувчилар сони 1,6 миллиондан 1,1 миллион кишига туширилади. Натижада 500 мингга яқин киши ёрдамсиз қолади.

Қисқартиришлар бошқа ёрдам турларига ҳам таъсир қилмоқда. Озиқ-овқат улушлари икки баравар камайтирилди, 75 минг оилага бериладиган нақд пул ёрдамининг миқдори эса 40 фоизга қисқарди. Овқат пишириш имкони йўқларга тарқатиладиган иссиқ овқатлар сони 250 мингдан 150 мингга тушди. Бориш қийин ҳудудлардаги айрим оилалар эса энди иссиқ овқатни кунора олади.

Ташкилот қисқартиришларни молиявий танқислик билан изоҳламоқда: Ғазо ва Ғарбий соҳилдаги муҳим операцияларни кейинги олти ой давомида давом эттириш учун зудлик билан 450 миллион доллар кераклиги маълум қилинди.

Ғазода очарчилик хавфи ҳамон сақланиб қолмоқда. БМТ идораси маълумотларига кўра, сектор аҳолисининг учдан икки қисми, яъни 1,4 миллион киши озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича инқироз даражасида яшамоқда. Улардан 200 мингга яқини фавқулодда вазиятда. АҚШ воситачилигида 2025 йил октябрда сулҳ имзоланган бўлса-да, Исроил зарбалари давом этмоқда. Ёрдам етказиб бериш эса чекланганича қолмоқда.

Украина-АҚШ келишмовчилиги

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ маъмуриятини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарини етказиб беришни кечиктиришда айблади. Душанба куни америкалик сенаторлар билан мулоқотда у Европадаги иттифоқчилари томонидан пули тўлаб қўйилган ракеталар Пентагон томонидан ушлаб турилганини маълум қилди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, тутиб олувчи ракеталар партияси Украинага юборилиши учун фақатгина АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг имзосини кутмоқда. Шунингдек, Европа давлатларининг ўз «Patriot» ракеталарини Киевга топшириш бўйича келишуви ҳам Вашингтоннинг рухсатига боғлиқ бўлиб турибди.

Мазкур эътирозлар Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига уюштирган янги ҳужумлари фонида янгради. Душанбага ўтар кечаси Киев ва унинг атрофига йўлланган баллистик ракета зарбалари оқибатида ярим миллиондан ортиқ хонадон электр таъминотисиз қолди. Зеленский бу гал ҳам ҳамкорлардан ракета зарбалари ҳақида олдиндан огоҳлантириш олинмаганини таъкидлади.