Бу Ливанда 2014 йилда россияликлар кемасидан мусодара қилинган ва йўқ қилиш учун омборхонада сақлаб келинган селитра бўлган. Ливандаги LBCI телеканали мудофаа бўйича олий кенгашга асосланиб хабар қилишича, айнан шу юк портлаш манбайи бўлган.

Юк тарихи ва кеманинг россияликка тегишли бўлгани ҳақида кеманинг собиқ капитани Борис Прокошев «Сибирь. Реалии» нашрига берган интервьюси ҳақида айтиб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, селитра ортилган кема россиялик Игорь Гречушкинга тегишли бўлган ва Байрут портида 2014 йилда порт йиғими тўланмагани учун ушлаб қолинган.

Прокошевнинг сўзларига кўра, Ливан ҳукумати Грушечкин тўлов қилмагани учун узоқ вақтгача денгизчиларни қўйиб юбормаган.

Кемада жами тўрт денгизчи қолган - капитан Прокошев, у Россия фуқароси ва уч украиналик. Улар ёқилғини сотишган ва оқловчи ёллашган. Бу адвокат уларга уйга қайтишга ёрдам кўрсатган. Капитаннинг айтишича, юк Транспорт вазирлиги назоратида омборхонага ўтказилган, кема эса чўктириб юборилган. 

Капитаннинг сўзлари 2014 йилда матбуотда тарқалган маълумотларга мос келади.

Бу номдаги кема 2 750 тонна селитра билан Байрут портида қўлга тушгани ҳақида 2015 йилда shiparrested.com сайти хабар берганди. Материалда Молдавия байроғи билан ҳаракатланган бу кема Грузиянинг Батуми шаҳридан Мозамбикка қараб йўл олгани, аммо 2013 йил сентябрида режадан ташқари тўхтаб, бортдаги носозликни бартараф этиш учун Байрут портига киргани айтилган.

Ливанлик инспекторлар кемада ўтказилган текширувдан кейин унга портни тарк этишга рухсат бермаган. Экипажнинг асосий қисми қўйиб юборилган, фақат тўрт денгизчи кемада қолган, кема эгаси билан боғланишнинг имкони бўлмаган.

2014 йил июлида Украинадаги odessitua.com портали Rhosus кемасида қолган тўрт денгизчининг мактубини эълон қилган, унда денгизчилар ўзларини «асирликдан қутқариш»ни сўраган.

Хабарда кеманинг амалдаги эгаси Россия фуқароси, асли Хабаровскдан бўлган, ўша вақтда Кипрда яшаган Игорь Гречушкин экани айтилган. 

«Жаноб Гречушкин Игорь кемани ва экипажни ўз ҳолига ташлаб қўйди. Экипажнинг яшаши учун умуман пул берилмади, кемани бутунлай унутди... Айтишларича, банкрот бўлган», деганди кема капитани Борис Прокошев.

Денгизчилар кемада бир йилча яшашган ва фақат 2014 йилнинг сентябрига келиб ватанга қайтишган.