Ўзбекистонлик яримҳимоячи Остон Ўрунов Москванинг «Спартак» клуби билан шартнома имзолади.

Натижада у Россиянинг етакчи клуби шарафини ҳимоя қилган 5 нафар ўзбекистонликнинг сафига қўшилди. Остоннинг «қизил-оқлар» сафидаги фаолиятига муваффақият тилаган ҳолда, ушбу футболчиларни эсга оламиз.

Биродар Абдураимов (ҳужумчи, 1964)

Москванинг «Спартак» клубида ўйнаган ўзбекистонлик илк футболчи Бирадор Абдураимов ҳисобланади. У 1943 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1964 йили 21 ёшида «Пахтакор»дан «Спартак»га ўтган.

Биродар Абдураимов «Пахтакор» таркибида (сариқ либосда)

Аммо тошкентликлар сафида 4та мавсумда 85та ўйинда майдонга тушиб, 20та гол урган ҳужумчининг москваликлар таркибидаги ишлари негадир юришмади. Биродар «Спартак» таркибида атиги 1та ўйинда майдонга тушди холос. Кейин яна «Пахтакор»га қайтди. 1968 йили қадрдон клуби таркибида 22та гол билан СССР чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлди.

Азамат Абдураимов (ҳужумчи, 1984 ва 1990)

«Спартак» клубида ўйнаган ўзбекистонлик иккинчи футболчи Бирадор Абдураимовнинг ўғли Азамат ҳисобланади. У 1966 йили Тошкентда туғилган. 1984 ва 1990 йилларда «Спартак» клуби таркибида бўлган.

Азамат Абдураимов Малайзиянинг «Паҳанг» клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси либосида

Азамат 1984 йили асосий таркибда дебют қилолмаган ва «Спартак»ни тарк этган. 1990 йилда эса яна «Спартак»га қайтган. Шу мавсумда ёш ҳужумчи москваликларнинг ўринбосарлар жамоаси таркибида 9та ўйинда 7та гол урган. Аммо асосий таркибда атиги 3та ўйинда майдонга тушган холос. Кейинчалик Душанбенинг «Помир» клубига ижарага бериб юборилган.

Андрей Пятницкий (яримҳимоячи, 1992-1997)

1967 йилда Тошкентда туғилган. 1992 йили 25 ёшида «Пахтакор»дан «Спартак»га ўтган. 6 йил давомида «қизил-оқлар» шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ҳатто жамоа сардори бўлишга эришган.

Андрей «Спартак» таркибида гол урган илк ўзбекистонлик футболчи ҳисобланади. 1992 йил 29 июль куни Москвада «Зенит» дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг 4:0 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшган. «Спартак» таркибида жами 140та ўйинда майдонга тушиб, 30та гол урган. Россиянинг 5 карра чемпиони, Кубогининг 2 карра соҳиби.