Одам савдосига қарши курашда ННТлар билан ҳамкорлик кучайиши кутилмоқда
Одам савдосига қарши кураш масаласида давлат органларининг нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлигини кучайтириш кутилмоқда. Бу Сенатнинг 6-ялпи мажлисида маъқулланган «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририда кўзда тутилган.
Ҳужжат муҳокамаси жараёнида қайд этилишича, амалдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунда одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш, уларга ёрдам бериш масалаларига доир аниқ қоидалар тартибга солинмаган, вояга етмаганлар савдосига қарши курашишнинг ўзига хосликлари, жабрдийдаларни индентификация қилиш, ёрдам бериш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий мақоми белгиламаган.
Шу нуқтайи назардан ҳужжатнинг янги таҳририда бу масалаларни қамраб олиш, шунингдек, одам савдосига қарши курашда нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликни яхшилаш кўзда тутилган.
«Ҳозирда республикада 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 100га яқини одам савдосига қарши курашиш борасида иш олиб бормоқда. Қонунда мазкур йўналишга доир фаолиятни амалга ошираётган давлат органларига кўмаклашувчи ташкилотлар қаторида нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳам белгиланиб, уларнинг ваколат ва вазифалари аниқ кўрсатилмоқда», деди сенатор Матлуба Ғаниева.
Сенат раиси Танзила Норбоева одам савдосига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларни қониқарсиз баҳолади.
«Одам савдосига қарши кураш бўйича ҳозирда олиб бораётган ишимиз талабга жавоб бермайди. Бу бўйича бир йил аввал президент фармони («Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида») қабул қилинган эди. Лекин биз ҳалигача яхши натижаларга эриша олганимиз йўқ.
Фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари бу борада бизнинг энг яқин ҳамкоримиз бўлиши керак. Идорада ўтириб олиб, форма кийиб ўзимиз курашяпмиз, десак, ҳеч қандай натижага эриша олмаймиз.
Одам савдосига қарши курашда алоҳида йўналишлардан бири – чақалоқлар савдоси. Чақалоқлар савдоси билан боғлиқ ҳолатлар ёки аввал айтилмаган, ёки ҳозир кўпайиб кетди. Буни келтириб чиқараётган омилларни ҳам аниқлаш керак – аёлларда боласига меҳр йўқолдими ёки унга маблағ шунчалик зарурмики, арзимаган пулга фарзандини сотяпти?!», дея Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Маълум қилинишича, одам савдосидан жабр кўрганларга ижтимоий ёрдам кўрсатишни тизимли ташкил қилиш учун улар ҳақидаги маълумотлар жамланган ягона ахборот базаси яратилади.
Мавзуга оид
20:31 / 27.10.2024
Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди
22:30 / 25.10.2024
Хитойда 17 болани ўғирлаб сотган аёл ўлим жазосига ҳукм қилинди
16:50 / 25.10.2024
Сенат раиси ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашди
16:33 / 25.10.2024