Жанубий Корея чемпионати янги мавсумини K лигада бошлаган ўзбекистонлик ҳимоячи Рустам Ашурматов клуби «Кванжу» билан дебютант саналса-да турнирда ёмон таассурот қолдирмаяпти. Куни кеча Tribuna.uz мухбири Рустам Ашурматов билан боғланиб, хориждаги фаолияти, миллий жамоадаги келажаги ва қатор мавзуларда суҳбатлашди.

- Рустам, суҳбатимизни охирги турда қизил карточка олганингиздан бошласак. Бу қандай содир бўлди? Умуман ўзингизни қўпол ўйинчи деб ҳисоблайсизми?

- Охирги ўйинимда ҳакам томонидан икки марта огоҳлантирилганимдан кейин майдондан четлатилдим. Шунга қарамай, ўзимни қўпол футболчи деб ҳисобламайман. Сабаби охирги 12та ўйинимда умуман карточкага лойиқ кўрилмагандим. Умуман олганда, бу қизил карточка фаолиятимда биринчиси ва умид қиламанки охиргиси бўлиб қолади. Ҳимоячи эканлигим боис карточка бўлиши табиий, деб ўйлайман.

- Корея чемпионати пандемия ҳолатида бошланган дастлабки лигалардан бири бўлди. Бундай шароитда чемпионатда жорий қилинган жуда кўп янги қоидаларга амал қилиш осон бўлмагандир?

- Тўғри, Жанубий Корея лига старт олган илк давлатлардан бири бўлди. Очиғини айтсам, майдондаги ўйинлар давомида бу борада муаммо бўлгани йўқ, аммо майдон ташқарисида одатий ҳаёт эмас, чекловлар кўп эканлиги боис эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишга интилаяпмиз.

- Клубингиз имкониятлари қай даражада? Қўйилган вазифалар уддаланадими?

- Чемпионат дебютанти эканлигимиз сабабли энг аввало лигада қолиш вазифаси қўйилганди. Аммо ҳозирда 9-ўринда эканлигимиз боис, энди олдимизга камида кучли олти жамоа орасида бўлиш мақсади қўйилган. Аммо бу осон бўлмайди. Чунки фақат биз эмас, яна 3-4 жамоа ҳам шу топ-6ликка киришга имконияти бор. 1-5-ўриндаги клублар бошқалардан узоқлашган бўлса, 6-ўриндан қуйи ўринларгача бўлган клубларда олтиликдан жой олиш имкони бор.

- Корея чемпионатида тўп сураётганингизга иккинчи йили ўтмоқда. Ўзингизга маъқулми? Умуман шартномангиз қайси йилгача тузилган?

- Дастлабки мавсумда қуйи лигада ўйнаб ғолиб бўлгандик, бу йил юқори дивизионда тўп сураяпман. Лигада кучли легионерлар анча кўп. Ҳар турда савияли футболчиларга қарши майдонга тушиб, ўйинчи сифатида ўсишга эриша олдим деб ҳисоблайман. Лекин янада ўсиш учун кучлироқ чемпионат ва кучлироқ клубларга ўтиш ниятим ҳам бор. Икки йиллик шартномам шу мавсум якунида тугайди. Ўшандан кейин клуб билан маслаҳатлашиб, фаолиятимни қаерда давом эттиришимни аниқлаб оламан.