Ўзбекистон | 08:04 / 11.08.2020
9857
2 дақиқада ўқилади

2021 йилдан давлат органларида очиқ кодли дастурий таъминотлардан фойдаланиш жорий этилади

Давлат органлари ва ташкилотларида эркин тарқатиладиган, очиқ кодли дастурий таъминотлар жорий қилинади.

Фото: Fotolia

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари ва ташкилотларида эркин тарқатиладиган, очиқ кодли дастурий таъминотларни жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

2021 йил 1 январдан давлат органлари ва ташкилотларида эркин тарқатиладиган, очиқ кодли, сертификатланган ва ахборот хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган барча турдаги дастурий таъминотлардан фойдаланиш жорий этилади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотларида эркин тарқатиладиган, очиқ кодли дастурий таъминотларни жорий қилиш чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.

2021 йил 1 июлдан давлат органлари ва ташкилотлари техник тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар билан ўрнатилган, ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонаси томонидан сертификациядан ўтказилган очиқ кодли дастурий таъминотлардан мажбурий фойдаланиш белгиланади.

“Киберхавфсизлик маркази” ДУК сертификацияланган очиқ кодли дастурий таъминотлар Ягона реестрини шакллантиради ва доимий равишда юритиб боради.

Давлат органлари ва ташкилотлари:

чора-тадбирлар режасида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайди;

бажарилган ишлар бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига маълумот бериб боради.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар давлат органлари учун уларнинг бюджетдан ташқари фондлари ҳисобидан, бошқа ташкилотлар учун ўзларининг даромадлари ҳисобидан таъминланиши белгиланади.

Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти зиммасига юкланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид