Лойиҳада «Чорвоқ» сув омборида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли моторли қайиқлар, катерлар, яхталар, гидроцикл ва бошқа сузувчи воситалардан фойдаланиш ҳамда пляжлар ташкил этиш, сув омборининг қирғоғи периметри бўйлаб аҳолининг чўмилишини тақиқлаш кўзда тутилган.

Лойиҳада бундай тақиқнинг жорий этилишига сабаб сифатида чиқиндилар ташланиши оқибатида сувнинг ифлосланаётгани, 2017 йилда 2 та скутернинг тўқнашиши оқибатида 2 нафар ва 2015 йилдан 2020 йилнинг июль ойига қадар 8 нафар фуқаро чўкиб вафот этгани келтирилган.

Ҳар бир инсон ҳаёти, албатта қадрли, аммо 6 йил ичида 8 нафар инсоннинг чўкиб кетганини сабаб қилиб кўрсатиб, аҳоли ва сайёҳлар ёзги мавсумда дам олиши мумкин бўлган бармоқ билан санарли объектлардан бирининг ёпилиши туризм, хусусан ички туризмни ривожлантириш ҳақида бонг урилаётган бугунги Ўзбекистон учун қанчалик тўғри келади?

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бунга қандай муносабатда бўларкан?

Лойиҳа эълон қилингач, жамоатчилик ушбу лойиҳани асосан танқидий кутиб олди, порталда лойиҳа остида қолдирилган фикр-мулоҳазалар ҳам шундай далолат бермоқда. Ижтимоий тармоқларда блогерлар ҳам масалага эътибор қаратишмоқда. Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров шундай деб ёзди:

«Бу кетишда яқин орада электр энергиясини тақиқлашлари мумкин, чунки йилига қанчадир одам ток уриб ўлади. Автомашиналардан фойдаланишни тақиқлашлари мумкин, ахир йилига минглаб одамлар автоҳалокатлар қурбони бўлади».

Блогер ҳали лойиҳа босқичидаги қарор билан «Чорвоқ»да чўмилишни 1 августдан, яъни «задним числом» тақиқлашмоқчи эканига эътибор қаратган.

Келинг, юқоридаги мантиқдан келиб чиқиб, тақиқлаш керак бўлган яна бир қатор нарсаларни санаб ўтамиз.

Энг биринчи ўринда, аҳолига газ тарқатишни тақиқлаш керак, чунки йилига бир неча ўнлаб одамлар, ҳатто бутун бошли оилалар ис газидан заҳарланиб вафот этяпти.

Кўмирдан фойдаланишни ҳам тақиқлаш керак. Газ йўқлигидан қишда уйини кўмир билан иситмоқчи бўлганлар ҳам кўмир исидан вафот этаётган ҳолатлар мавжуд.

Пичоқлардан фойдаланишни ҳам тақиқлаш керак. Бозордагиларини тўмтоқлаштириб чиқиш унча фойда бермайди. Ҳар йили қанчадир одам пичоқланишдан оғир жароҳатлар оляпти, вафот этаётганлар ҳам талайгина.