Депутатлик сўрови қандай саволлардан иборат бўлди ва нима учун айнан монополияга қарши курашиш қўмитасига юборилди?
Р.Кушербаев: Биламиз, Ўзбекистонда рақобат муҳитини яратиш, алоҳида монопол тарзда фаолият юритаётган тузилмалар устидан ҳам давлат назоратини амалга ошириш, иштирокчиларга тенг шароит яратиб беришда ваколатли давлат органи, бу — монополияга қарши курашиш қўмитаси. «Ўзавтомоторс» томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархи масаласида яқинда бошланган баҳсларда, агар моҳиятга қарайдиган бўлсак, энг катта норозилик шу тузилмани монопол сифатида фаолият юритаётгани ва истеъмолчиларга танлов имкониятини бермаётгани билан боғлиқ. Шуни инобатга олиб, ваколатли давлат органи олдига талаблар қўйиш нуқтаи назаридан, биз сўровнома юборишга қарор қилдик. Март ойида нархлар ошгач фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушганидан кейин, қўмита автомобилларга нисбатан корхона фаолияти ўрганаётгани ҳақида маълумот берган эди. Лекин негадир бу жамоатчиликка эълон қилинмади. Бизни халқ вакили сифатида ҳаққимиз бор-ку, буни билишга, яъни у ерда нархлар нимага асосан шаклланяпти ва умуман монополь сифатида фаолият юритишига нима асослар бор ўзи, деган маънода бу масалани тегишли тартибни ўрганиб, мана шу ваколатли давлат органи олдига масала қўйишимиз керак эди. Бу ҳам бўлса, фуқаролар талабидан келиб чиққан ҳолда, албатта. Агар фаолиятига эътибор берсак, бу ташкилот ҳатто монополлик шартларини ҳам бузаётгани маълум бўлади. Автомашиналар нархлари ҳам асослантирилмаган тарзда оширилган.
Дониёр ака, ҳозир қўмитага юборилган депутатлик сўровидан қандай жавоб кутяпсизлар?

Д. Ғаниев: «Ўзавтомоторс» расмий монопол корхона ҳисобланади. Шу билан бирга, «Рақобат тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, монопол корхонанинг ҳам ўзига хос мажбуриятлари бор. Устун мавқега эга бўлиб фаолият юритаётган корхона бошқа истеъмолчиларни, хўжалик юритувчи субъектларни ҳуқуқларини камситадиган бўлса, тегишли ваколатга эга давлат органи сифатида Монополияга қарши кураш қўмитаси унга нисбатан чоралар кўриш ваколатига эга. Шундан умид қиляпмизки, сўров натижасида, агар қўмита ўрганишлари биз кутган таҳлилларни тасдиқласа, яъни «Ўзавтомоторс» томонидан нархлаш сиёсати асоссиз амалга оширилаётган, истеъмолчиларни ҳуқуқларини бузилиши қўпол тарзда акс этаётган бўлса, тегишли тарзда қўмита хулосасини тақдим этган ҳолда уларга нисбатан чора кўрилиши керак. Мансабдор шахсларга маъмурий тарзда чора кўриладиган бўлса, агарда чиндан ҳам истеъмолчилар ҳуқуқи камситилгани аниқланса, етказилган зарар қопланиши кўзда тутилиши керак. Биз кутаётган минимум натижа шу. Модомики, биз монопол билан яшашга мажбур бўлсак, ҳеч бўлмаса монопол корхона сифатида у белгиланган қонун-қоидаларга амал қилиб ишлашини талаб қилишга ўйлайманки, депутат ва оддий фуқаро сифатида, истеъмолчи сифатида ҳаққим бор.

















