Оғиздан чиқаётган нафаснинг ҳидланишига турли сабаблар бўлиши мумкин. Бу ҳамма билан кузатилиши мумкин бўлган, вақтинчалик ёки сурункали ҳолат ҳисобланади.

Оғиз ҳидланиши тиш, оғиз бўшлиғи ҳолати ёки инсон соғлигидаги бошқа муаммо туфайли юзага чиқади. Оғиз ҳидланишида одам ўз оғзида ёқимсиз таъмни ҳам пайқаши мумкин. Агар ҳидланиш фақат тишлар ёки оғиз ҳолати билан эмас, балки организмдаги бошқа муаммо туфайли кузатилса, тишларни тозалаш ҳид йўқолишига ёрдам бермайди.

Нималар оғизда бадбўй ҳид пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин?

Фото: Getty Images

Тишнинг нотўғри гигиенаси

Бактериялар тиш ва оғиздаги овқат қолдиқларини парчалайди. Ва натижада, оғизда нохуш ҳид пайдо бўлади. Тишларни доимий тозалаш овқат қолдиқлари парчаланишига йўл қўймасдан олдин уларни оғиздан чиқариб ташлашга ёрдам беради.

Тишларни доимий тозалаш уларни турли бактериал касалликлардан ҳам сақлайди. Бактериал касалликлар эса тиш емирилиши ва оғизда ҳид пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун тишни, албатта, кечки пайт тозалаш керак.

Кучли ҳидланишга сабаб бўлувчи овқат ва ичимлик истеъмол қилиш

Пиёз, саримсоқ ёки бошқа кучли ҳидга эга овқат истеъмол қилинса, 72 соатгача уларнинг ҳиди инсон нафасида сезилиши мумкин. Кофе каби кучли ичимликлар ҳам нохуш ҳидларга сабаб бўлади.

Чекиш

Тамаки чекиш нохуш ҳид ва оғиз қуришига сабаб бўлади.

Оғиз қуриши

Оғиз бўшлиғида етарлича тупук ишлаб чиқарилмаслиги оғиз қуришига ва унинг ҳидланишига сабаб бўлади. Тупук оғизни тоза тутишга ва нохуш ҳидларни камайтиришга ёрдам беради.

Тупук безларининг яхши ишламаслиги, инсоннинг оғзини очиб ухлаши ёки организмдаги бирор касаллик туфайли оғиз қуриши кузатилиши мумкин.

Оғиздан нохуш ҳид келиши диабет, буйрак касалликлари таъсирида ҳам кузатилиши мумкин.