Иқтисодиёт | 18:48 / 21.08.2020
26191
2 дақиқада ўқилади

Юлий Юсупов: «Монополия барҳам топиши учун импорт автомобилларга божхона тўловларини кескин қисқартириш зарур»

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов «UzAuto Motors» АЖ рақобатбардош компанияга айланиши, рақобат бозорида ишлаши учун импорт автомобилларга ўта юқори, деярли тақиқловчи божхона тўловлари пасайтирилишининг ўзи кифоя, деб ҳисоблайди.

«UzAuto Motors» АЖни ким бошқаришидан қатъи назар компаниянинг хатти-ҳаракати монополистга хос бўлган ҳаракат эканлиги ҳақида кўп ёзганман. Монополист табиатига кўра ўзининг устун ҳолатидан доимо фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади. Хусусан, у доимо нархларни оширишга интилади ва унда ўз ишини яхшилаш учун етарлича рағбат (харажатларни қисқартириш, сифат, ассортимент ва сервисни такомиллаштириш ва ҳ.к.) мавжуд эмас.

Монополистнинг нархлари назоратга олинганида у ўз харажатларини шиширади. Агар у яна давлат компанияси бўлса, самарали мулкдор мавжуд бўлмаган ҳолда қўшимча коррупцион схемалар пайдо бўлади. Улар ҳам маҳсулотнинг таннархини оширади.

Энг аҳамиятлиси шундаки, мазкур ҳолатда биз батамом сунъий, қўлда ясалган, бир соат мобайнида тугатилиши мумкин бўлган монополияга дуч келяпмиз. Импорт автомобилларига ўта юқори, деярли тақиқловчи божхона тўловларини пасайтиришнинг ўзи кифоя. Шу билан монополия йўқ бўлади. Компания эса рақобат бозорида ишлашни бошлайди. Ана шунда у рақобатбардош компанияга айланиши учун имконият пайдо бўлади. Бундан деярли барча (компания менежерлари ва уларнинг ҳукуматдаги кураторларидан ташқари), ва ниҳоят, божхона тўловларидан муносиб даромад олишни бошлайдиган бюджет ҳам ютади.

Бироқ сунъий монополияга боғлиқ бўлган вазият мана узоқ йилдирки, ҳал бўлмай келяпти. Тўғри, «UzAuto Motors» АЖ кўплаб (солиқ, конвертацион ва бошқа) имтиёзлардан маҳрум қилинди. Яқинда импорт автомобиллар учун акцизлар ҳам бекор қилинди. Бироқ буларнинг бари етарли эмас. Сўнгги қадам зарур: импорт автомобилларга божхона тўловларини кескин қисқартириш. Ана ўшанда монополия барҳам топади», деб ёзади Юлий Юсупов.

Мавзуга оид