Жаҳон | 10:24 / 22.08.2020
11245
2 дақиқада ўқилади

Навальний самолётда Германияга олиб кетилди

Фото: Александр Кряжев / РИА Новости

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний тиббий самолётда Омскдан Германияга олиб кетилди. У оғир аҳволда шифохонада ётган эди.

ТАСС хабарига кўра, парвоз 5 соат давом этади. Берлиндаги «Шарите» клиникаси шифокорлари унинг ташхиси ва даволаниши билан шуғулланишади. Ҳозирги вақтда унинг аҳволи барқарор оғирлигича қолмоқда.

Алексей Навальний 20 август куни заҳарланиш тахмини билан Омск шаҳрида реанимацияга ётқизилди. Томскдан Москвага самолётда қайтаётган сиёсатчи парвоз давомида ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Натижада самолёт Омск шаҳрига фавқулодда қўнди ва у шифохонага олиб кетилди.

Навальнийнинг матбуот-котиби Кира Ярмиш унинг эрталаб фақат чой ичганини, унга бирор нарса қўшиб, заҳарлашга уринган бўлишлари мумкинлигини тахмин қилди. 

Реанимацияда сиёсатчи кома ҳолатига тушиб қолди ва ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига уланди. 

Россиялик шифокорлар таҳлиллардан сўнг, унинг заҳарлангани ҳақидаги тахминни инкор қилишди ва «моддалар алмашинуви бузилган» деган ташхисни қўйишди.

21 август куни уни олиб кетиш учун Нюрнбергдан Омскка тиббий самолёт учиб келди. Кремль унинг хорижда даволанишига ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини айтса-да, шифокорлар беморни олиб кетишга рухсат беришмади. Бир неча соат давом этган музокаралардан сўнг, Навальний оила аъзолари билан Германияга олиб кетилди.

Мавзуга оид