Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ҳудудларида эскириб қолган уй-жой фондини таъмирлаш ва янгилаш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан авария ҳолатидаги кўп квартирали уй-жой фонди хатловдан ўтказилган.

Кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлаш ва янгилашга қаратилган қуйидагилар:

2021-2022 йилларда эскирган кўп квартирали уйларни таъмирлаш бўйича реновация дастури;

2021-2023 йилларда авария ҳолатидаги кўп қаватли уйлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш бўйича реновация дастури тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги “Кўп хонадонли уйлар, иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси Дастурлар доирасида бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тендер (танлов) савдолари орқали аниқланади.

Дастурларни амалга ошириш доирасида Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджет маблағлари, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар молиялаштириш манбалари этиб белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишида тақдимот материалларини Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма кузатув кенгаши билан келишилишини таъминлайди.