Ўзбекистон | 16:10 / 02.09.2020
69685
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда техникумлар қайта очилди. Уларнинг коллежлардан фарқи нимада?

Айни кунларда Ўзбекистонда 185та техникумга қабул жараёнлари давом этмоқда. Kun.uz мухбири техникумларнинг касб-ҳунар коллежларидан фарқи, уларда ўқиш қандай имкониятлар бериши ҳақида маълумот олиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан боғланди.

Фото: ЎзА

Вазирлик маълумотига кўра, техникумларга «ҳаёт давомида таълим олиш» принципи асосида камида умумий ўрта маълумотга эга, яъни мактабнинг 11-синфини тамомлаган фуқаролар қабул қилинади.

Техникумда ўқиш муддати, коллежлардаги каби, камида 2 йилни ташкил этади. Ўқиш давомийлиги касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиқиб белгиланади.

Техникумларда таълим кундузги, кечки ва сиртқи шаклларда, давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Қабул давом этмоқда. Имтиҳонларни ДТМ олади

2020/21 ўқув йили учун техникумларга фақат кундузги таълим шакли учун қабул эълон қилинган. Қабул 25 августда бошланган ва 25 сентябрга қадар давом этади. Талабгор texnikum.edu.uz платформаси орқали қуйидаги ҳужжатларни топшириши керак:

  • электрон ариза;
  • умумтаълим мактабининг 11-синфни тугатганини тасдиқловчи аттестат (электрон) нусхаси ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини тамомлаганлиги тўғрисидаги диплом (электрон) нусхаси;
  • 3x4 фотосурат.

Техникумлар учун имтиҳонларни Давлат тест маркази томонидан ўтказилиши бўйича тартиб ва таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилган, тез кунларда тасдиқланиши кутилмоқда.

Коллежлардан фарқи нима?

Техникумларнинг коллежлардан биринчи фарқи шуки, уларда кадрлар тайёрлаш Халқаро стандарт таснифлагичнинг камида 5-даражасига (коллежларда эса 4-даража) мос таълим дастурлари асосида амалга оширилади.

Кейинги фарқ – техникумда ўрта махсус таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали ОТМда 2-курсдан ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади. Бу – Ўзбекистон таълим тизими учун аввал кузатилмаган янгиликдир.

Учинчи асосий фарқ ташкилий жиҳат билан боғлиқ: техникумлар ОТМлар ҳузурида ташкил этилган, коллежлар эса вазирлик ва идоралар ҳузурида фаолият юритади.

Контракт асосида ҳам ўқиш мумкин

Грант асосида 185та техникумга 9 199 нафар, контракт асосида 168та техникумга 60 849 нафар ўқувчи қабул қилинади.

Контракт миқдори ҳозирча номаълум. Нарх ҳар йили ўқитишнинг шаклланаётган жами харажатларидан келиб чиқиб белгиланиши кўзда тутилган.

Техникумлар рўйхати ва уларга грант асосидаги қабул квоталари билан мазкур ҳаволадаги файлни юклаб олиш орқали танишиш мумкин.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид