Ўзбекистонда техникум ташкил қиладиган ёки давлат техникумини олиб халқаро стандарт асосида кадр тайёрлайдиган тадбиркорларнинг харажатлари солиғидан чегириб берилади.
Бу тизим орқали 1 миллион ёшни замонавий касбларга ўргатиб, юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсад қилинган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқотда айтиб ўтди.
Шунингдек, Урганчда Германия ва Хитой тажрибаси асосида ўқувчиларни “яшил” энергетика, қурилиш, ҳамширалик, агрономлик, электротехника каби 10 турдаги касбга йўналтириш тизими йўлга қўйилган. Ушбу тажриба республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.
Президент ҳар йили 50 миллиард долларлик юқори технологик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётганини қайд этиб, уларда кадр тайёрлаш компоненти бўлиши шартлигини таъкидлади.
“Ҳар бир лойиҳанинг самараси фақат технологияга эмас, уни ишлата оладиган малакали кадрларга боғлиқ”, – деди давлат раҳбари.









