Жаҳон | 12:41 / 03.09.2020
6907
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон ҳукмрон партияси Имомали Раҳмонни президентликка номзод сифатида кўрсатди

Амалдаги президент аввалроқ Тожикистон Касаба уюшмалари федерацияси ва Республика Ёшлар иттифоқи томонидан номзод сифатида кўрсатилган эди.

Фото: Sputnik

Бугун Душанбедаги «Кохи Борбад» давлат киноконцерт залида Тожикистон Халқ демократик партиясининг навбатдан ташқари қурултойи бўлиб ўтди, унда делегатлар бир овоздан республика президентлигига Имомали Раҳмон номзодини кўрсатдилар. Бу ҳақда Asia-Plus хабар берди.

Қайд этилишича, қурултой ишида Тожикистоннинг барча вилоят ва шаҳарларидан келган 1 мингдан ортиқ делегатлар қатнашди. Қурултой ишида ХДП етакчиси Имомали Раҳмоннинг ўзи иштирок этмади. Қурултой иши давомида у бугун ўзининг 25 йиллигини нишонлаётган Тожикистон Миллий гвардиясида бўлган.

Аввалроқ, республиканинг амалдаги президенти яна бир марта Тожикистон Мустақил касаба уюшмалари федерацияси ва республика Ёшлар иттифоқи томонидан давлат раҳбари лавозимига номзод сифатида кўрсатилганди.

Мамлакатнинг еттита сиёсий партиясидан бештаси ўз номзоди борасида бир қарорга келиб бўлди:

  • партия етакчиси Рустам Латифзода Аграр партиядан номзод сифатида кўрсатилди;
  • Социалистик партия ўз раиси Абдуҳалим Ғаффоров номзодини кўрсатди;
  • Шунингдек, Тожикистон Демократик партияси ўз раҳбари Саиджаъфар Усмонзодани номзод қилиб кўрсатди;
  • Тожикистон Иқтисодий ислоҳотлар партияси ҳам ўз раҳбари Рустам Раҳматзода (Қудратов)ни номзод сифатида кўрсатди.

5 сентябрь куни мамлакат Коммунистик партияси сайловолди қурултойида ўз номзодини тақдим этади.

Тожикистон Социал-демократик партияси президент сайловларини бойкот қилишга қарор қилди.

Тожикистонда президентлик сайловлари 11 октябрь куни бўлиб ўтади. 

Мавзуга оид