Иқтисодиётнинг ресурс базасини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, экологияни яхшилашда ўрмон хўжалиги жуда муҳим ўрин тутади.

Шунинг учун ҳам охирги уч йилда бу соҳани жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, мамлакатимиз ўрмон фонди ерлари 12 миллион гектарга етказилди.

Жумладан, Орол денгизининг 1,2 миллион гектар қуриган тубида иҳота дарахтзорлари барпо этилди. Оборотдан чиқиб кетган 10 минг гектар ўрмон хўжалиги ерлари ўзлаштирилди, 5,5 минг гектарда ёнғоқ, 4 минг гектарда озиқ-овқат экинлари ва доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилиб, 3 мингта янги иш ўрни яратилди. Ўрмон хўжаликларида биринчи марта 64та биолаборатория ташкил этилди.

Йиғилишда бу борада ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги таъкидланиб, келгусидаги устувор вазифалар белгиланди. Соҳада хусусий секторни жалб қилган ҳолда ўрмон ерларини ўзлаштириш, йилқичилик, чорвачилик, уруғчилик, кўчатчилик, туризмни кенг йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Яна 50 минг гектар ўрмонзор барпо этиб, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган ҳамда Тошкент вилоятларида ёнғоқ, писта ва бодом плантациялари ташкил қилиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.

Мебелсозлик корхоналари хомашёнинг 90 фоизини импорт қилаётганидан келиб чиқиб, уларга кластер усулида павловния ва бошқа мебелбоп дарахтлар етиштириш учун ер ажратиш бўйича топшириқ берилди.

Ўрмон фонди ерларини ўзлаштиришга ҳам субсидия ва имтиёзлар жорий этиш, хусусан, суғориш насослари харид қилиш, қудуқлар қазиш ишларини молиявий қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Бу йилдан бошлаб оборотда бўлмаган ўрмон фонди ерларини ижарага бериш тартиби жорий қилинди. Ҳозирги кунда 20 минг гектар шундай ер ижарага берилган. Бу ишларни давом эттириб, қўшимча ерларни оборотга киритиш ҳамда тадбиркорларга ижарага беришни кенгайтириш вазифаси қўйилди.

Кўп жойларда, жумладан, Қоракўл, Ғиждувон, Шаҳрисабз, Китоб, Поп, Чортоқ, Нуробод, Қўшработ, Нурота, Бахмал, Фориш, Узун, Бойсун, Оҳангарон, Бекобод туманларида ўрмон хўжалиги резервларидан фойдаланиш бўйича ишлар танқид қилинди, етарлича ташкил этилмагани кўрсатиб ўтилди.

Пиллачиликда озуқа базасини кўпайтириш мақсадида фермер хўжаликларида 2 минг гектар, келгуси йилда 2,5 минг гектарга тут кўчатлари экиш режалаштирилди.

Ўтган йили доривор ўсимликлар плантацияси 2 минг гектарга етказилган эди. Йиғилишда келгуси йили бундай майдонларни 5 минг гектарга етказиб, ҳосилни 8 минг тоннагача ошириш зарурлиги айтилди.