– Мадина Сайидусмоновна, ФҲДЁ идораларининг ДХА тасарруфига ўтказилиши тизим ходимларига ва аҳолига қандай қулайликлар бермоқда?
– Хизматларни кўрсатиш қулай, тез ва шаффоф бўлади, чунки республика бўйича шу соҳага тегишли маълумотлар олиш керак бўлган барча вазирлик, идора ва муассасалар билан уланиш имкониятига эга бўлган тизим яратилган.
Электрон ва онлайн қабуллар ташкил этилгани ва ФҲДЁ бўлимида мавжуд кўп турдаги аризалар ходим томонидан электрон равишда тўлдирилиши ва фақат фуқаро танишиб чиқиб имзо қўйиши сабабли фуқароларнинг кутиш учун кетган вақти кескин қисқаради (илгари ярим, ҳаттоки бир кун ўтириб қабулга киролмасдан кетиш ҳоллари бўлган).
Бунда туғилганлик, никоҳ тузилганлиги ва бошқа турдаги гербли гувоҳномаларни электрон равишда тўлдирилади, барча турдаги далолатнома ёзувлари электрон равишда «ФҲДЁ Ягона электрон архиви» ахборот тизимига киритилади.
Республикадаги ФҲДЁ бўлимлари, вилоят ФҲДЁ архивларидан туғилганлиги қайд этилмаганлиги, никоҳда турмаслиги ҳақидаги маълумотларни (71-шакл дейилади) экстерриториал тартибда Давлат хизматлари марказлари орқали олиниши тартиб билан белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, тўловлар биллинг инвойс орқали тўланиши сабабли узоқда жойлашган банк ёки кассага бориш учун вақт сарфланмайди. Электрон тизим йўлга қўйилгани сабабли тиббиёт муассасалари билан, туғруқхонада бола туғилиши билан электрон равишда ФҲДЁ бўлимига она ва бола ҳақидаги маълумотлар етиб келиши йўлга қўйилган. Шу жумладан, вафот этган шахсларнинг ҳам ўлим ҳақидаги тиббий маълумотлари тиббиёт муассасалари томонидан электрон равишда юбориш жорий қилинди.
– Вилоятларда фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятида аввал қандай камчиликлар бор эди, бугунга келиб қандай барҳам топмоқда?
– Юқорида айтиб ўтганимдай, самарали электрон тизим яратилгани сабабли фуқаролар ўзига ва яқинларига тегишли бўлган ҳужжатларни излаши учун бир нечта жойга бориб бир кун хаттоки йиллар давомида югуриши барҳам берилди. Шунингдек, аҳолининг асабига тегадиган кераксиз қоғозбозлик камайди, вақт тежалишига шароит яратилди.
Шунингдек, фақатгина тизим орқали ишлаш билан чекланмасдан, никоҳни бекор қилиш мақсадида мурожаат қилган ёшлар, оилаларда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда оилани сақлаш, мазкур оила яшайдиган маҳаллаларни ушбу оила никоҳни бекор қилиш масаласида мурожаат қилгани ҳақида огоҳлантириш, оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказиш тартиблари жорий қилинди. Бу эса ўз навбатида оилалар билан уларнинг муаммоларини никоҳни бекор қилмасдан ҳал этиш имкониятини ёшларга кўрсатиб бериш учун замин яратади.















