18:29 / 07.09.2020
8551

Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси экспортини тиклаши мумкин

Тожикистон Афғонистонга электр энергиясини тиклади. Asia-Plus нашри хабар беришича, Тожикистоннинг «Барқи Тожик» энергия холдинг компанияси қўшни Афғонистонга электр энергиясини етказиб беришни қайта тиклаган.

Компания «Норак» сув омборини тўлдириш ва энергия таъминоти билан боғлиқ вазият яхшилангани туфайли Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни қайта тиклаган.

«Айни пайтда Афғонистонга ҳар куни 1,3 миллион киловатт соатгача электр энергия узатилмоқда. Биз имконият бўлиши биланоқ ушбу мамлакатга электр энергия етказиб бериш ҳажмини яна оширишга ҳаракат қиламиз», деган компания матбуот хизмати раҳбари Нозир Ёдгори.

Шунингдек, «Барки Тожик» Ўзбекистонга электр энергиясини етказиб беришни қайта тиклаш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.

Тожикистон жорий йилнинг июль ойида тоғ дарёларидан етарли миқдорда сув келмагани ва «Норак» сув омборида сув сатҳи камайиб кетгани туфайли электр энергияси экспортини тўхтатган эди. 3 сентябрь куни сув омбори тўлдирилгани маълум бўлди.

«Барқи тожик» компанияси маълумотларига кўра, жорий йилнинг олти ойида Афғонистонга 546,6 миллион кВт/соат электр энергияси, Ўзбекистонга эса 358,3 миллион кВт/соат электр энергияси экспорт қилган.

2019 йилда эса Тожикистон Афғонистонга 1 миллиард 458,2 миллион кВт/соат (60,6 миллион доллар), Ўзбекистонга эса 1 миллиард 425,1 миллион кВт/соат (28,5 миллион доллар) электр энергиясини экспорт қилинган.

Top