9 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг судьяси ​Жаҳонгир Саидов ишни кўришда давом этиб, томонлар музокара нутқини тинглади.

Давлат айбловчиси Шаҳриёр Бекназов дастлабки тергов органи томонидан судланувчига нисбатан айблов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3 қисми «а» бандида кўрсатилган жиноят бўйича тўғри малакаланган, деган хулоса келди.

Шаҳриёр Бекназов

«Судланувчининг жамоат ҳимоячиси ўз нутқларида асосий урғуни Жиноят процессуал кодексининг 325-моддаси («жабрланувчининг шикоятига асосан жиноят иши қўзғатиш») 2-қисмига қаратди. Яъни Жиноят кодексининг 167, 170, 172, 173-моддаларида назарда тутилган ва устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари фақат мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра қўзғатилиши эътироф этилган. 

Агар МЧЖ ходими томонидан жамият мулки талон-торож қилганлик ҳолати аниқланганда, МЧЖ раҳбарияти томонидан ариза берилгандагина жиноят иши қўзғатилиши мумкинлиги билдирилган. Шунинг учун, жамоат ҳимоячисининг эътирози мазкур ишга таалуқли эмас...

Судланувчи Жавоҳир Зокиржонов ўзига нисбатан эълон қилинган айбга дастлабки тергов ва суд мажлисида умуман иқрор эмаслигини билдирса-да, унинг айби ўзининг тушунтириш хати, суд товаршунослик экспертизасининг хулосаси, Тошкент вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг хулосаси, Тошкент вилояти автомобиллар йўллари ҳудудий бош бошқармаси масъул мутахассиси томонидан тузилган далолатнома ва чизмалари, Б.Дадахўжаевнинг хулосаси ҳамда гувоҳларнинг сўроқ қилиш жараёни, жиноят ишида бошқа тўпланган ҳужжатлар билан ҳам тўлиқ исботини топган, деб ўйлайман», –​ дея музокара нутқини билдирди у.

Давлат айбловчиси суддан судланувчи Зокиржоновга 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланишини сўради. Шунингдек, судланувчидан давлатга етказилган зарар, яъни 600 789 105 сўм пул маблағи ундирилиши сўралди.