Бир неча кун олдин реновация дастурига оид ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди. Қарор билан, 2021-2022 йилларда эскирган кўп квартирали уйларни таъмирлаш дастури (жами 260та уй) ҳамда 2021-2023 йилларда авария ҳолатидаги кўп қаватли уйлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш дастури (193та уй) тасдиқланиши мумкин.

Биз мазкур дастур юзасидан туғилаётган саволлар билан лойиҳа муаллифи – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига мурожаат қилиб, вазирлик бошқарма бошлиғи Лазиз Ҳамидов билан суҳбатлашдик.

Лазиз Ҳамидов

– Қарордан кўзланган асосий мақсад нима?

– Бугунги кунда республикамиз бўйича жами 37 272 та кўп квартирали уйлар мавжуд бўлиб, шундан 30 667 таси (82 фоизи) 1991 йилгача қурилган.

Биламизки, ҳар бир бино-иншоот, жисм вақт ўтгани сайин эскириши ёки емирилиши мумкин. Худди шундай, кўп квартирали уйлар ҳам йил ўтгани сайин сейсмик жиҳатдан заифлиги ошиб боради. Бу эса ўз навбатида ушбу уйларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг ҳаётига хавф туғдиради. Биласиз, юртимиз сейсмик ҳудудда жойлашган. Дастурни ишлаб чиқишдан энг асосий мақсад – бу фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш.

– Кўп қаватли уйларни таъмирлаш ва янгилаш қайси маблағлар ҳисобига амалга оширилади?

– Қарор лойиҳасида вазифалар ким томонидан амалга оширилишини алоҳида бандлар билан кўрсатиб ўтганмиз. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида кўп хонадонли уйлар, иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компаниялари бор. Давлат унитар корхонаси шаклидаги корхоналар ҳар бир ҳудудда хизмат кўрсатади.

Дастурлар доирасида бош лойиҳачи, бош пудратчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тендер асосида танлаб олинади. Ишлар сифатини «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари буюртмачи сифатида назорат қилиб боради.

Молиялаш манбасига келсак, булар – маҳаллий бюджет маблағлари, халқаро молия институтлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа молиявий манбалардир.