Собит Содиқжонов Kun.uz таҳририятига мурожаат йўллаб, биржадаги «ўйинлар» нархнинг асоссиз ошиб кетишига сабаб бўлаётганини иддао қилди. Унинг айтишича, қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар бунга йўл қўймоқда.

Kun.uz масала юзасидан бевосита брокернинг ўзи, Монополияга қарши курашиш қўмитаси бўлим бошлиғи Обиджон Соатов ва ​биржа бўлим бошлиғи Алишер Ўриновни мунозарага таклиф қилди.

Собит Содиқжонов

«2004 йилдан биржада брокер сифатида фаолият юритаман. Ўша пайтларда товар-хом ашё биржасида савдолар ўтказилишида шаффофлик жуда юқори даражада бўлган эди. Минг афсуски, булар ҳаммаси ўтган замонда қолди, деб айтишга мажбурман. Ҳозир бу жараён 100 фоиз шаффоф эмас, дея олмайман, лекин шунга турли омиллар таъсир ўтказяпти. Бу – бизнинг фикримиз, биз биржанинг асосий иштирокчилари – брокерлармиз», – дейди Собит Содиқжонов.

Унинг билдиришича, шаффофлик камайишига​ қонунчиликдаги ўзгаришлар сабаб бўлган.

«Масалан, биржалар фаолияти тўғрисидаги қонун янги таҳрирда қабул қилинган, 2003 йилда рўйхатдан ўтган ҳисоб-клиринг фаолияти тўғрисидаги низом талаблари бекор бўлди. Ҳукуматнинг 2018 йилдаги 33-сонли қарори қабул қилинди. Унда эса сотувчи ва харидорнинг келишувига кўра, шартномаларни жаримасиз бекор қилиш тартиби белгиланган. Бизнинг фикримизча, бу хато бўлган», – дейди у.

Алишер Ўринов

​Товар-хом ашё биржаси бўлим бошлиғи Алишер Ўринов брокернинг фикрига муносабат билдириб, у кўтараётган масалага ойдинлик киритди.

«Шаффофлик ўзи нима? Шаффофлик –​ амалга оширилаётган барча амалиётларни барча учун очиқ ва эркин шаклда намоён этиш. Бугун биржада ёпиқ маълумот деярли қолмаган. Негаки, товар-хом ашё биржасида ўтадиган савдолар тўлиқ онлайн платформада амалга оширилади. Савдоларда иштирок этаётган ҳар бир томон маълумотлар билан танишишга тенг имкониятли. Ҳар бир сонияда берилаётган буюртма сони ва миқдори кўрсатилади, фақат савдо якунига қадар тарафларнинг ким экани ошкор этилмайди. Сабаби шундаки, келгусида харидор ё брокерларнинг сотувчи билан келишган ҳолда нарх бермаслигининг олдини олиш учун бу жорий қилинган. Бунда шаффофлик даражаси йўқолди, дейиш асоссиз бўлади»,