Президент Шавкат Мирзиёев «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қарор билан хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий қилинмоқда ҳамда унинг асосий йўналишлари белгиланмоқда.
Жумладан:
- ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорлик ривожлантирилади, хориждаги ватандошлар ташкилотлари ва ўзбек диаспоралари билан алоқалар мустаҳкамланади;
- хорижга ишлашга кетишдан олдин фуқаролар касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитилади, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро сертификатлар берилади;
- меҳнат мигрантлари молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватланади, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиёти кенгайтирилади, улар учун маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади;
- меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар реинтеграция қилинади, шу жумладан, уларнинг бандлиги таъминланади, касбий малакаси оширилади ва тадбиркорлик ташаббуслари рағбатлантирилади.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳудудий филиалларининг иши қуйидаги тартибда ташкил этилади:
- ҳокимлар ҳудудий филиалларга умумий раҳбарлик қилади ҳамда уларга юклатилган вазифалар самарали бажарилишини таъминлайди;
- ҳудудий филиал раҳбарлари бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ёрдамчилари ҳисобланади;
- ҳокимликлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳудудий филиалларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда фаолиятига малакали мутахассисларни жалб қилиш чораларини кўради;
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳудудий филиалларига қуйидаги ҳуқуқлар берилмоқда:
- хорижий иш берувчилар ва уларнинг вакиллари билан бевосита келишувлар тузиш ҳамда тузилган келишувларга асосан фуқароларни ишга юбориш;
- хорижий мамлакатларнинг ҳудудий миграция ва бошқа давлат органлари билан алоқалар ўрнатиш ва музокаралар ўтказиш, хориждаги ватандошлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;
- хорижий (халқаро) молия институтлари миграция соҳасини ривожлантиришга ажратиладиган грантларини жалб қилиш.
2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижга чиқиб кетаётган шахсларни ишга юборишдан олдин мажбурий тартибда касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий қилинмоқда.
















