Ўзбекистонда ҳам дастурчиликка қизиқиш ортиб бораётганини ҳисобга олиб, муваффақиятли дастурчилардан бири Ботир Зиятов билан суҳбат уюштирдик ва кўплаб ёшларни қизиқтираётган саволларга жавоб олдик.

― Ботир ака, сиз билан кўришишдан олдин иш таклифлари жойланадиган сайтлардаги дастурчилар ва умуман IT соҳасидаги мутахассисларга бўлган талаб ва маошни кўриб, ҳайрон қолдик. Нима учун дастурчилар бунчалик қадрланади?

― Бунга асосий сабаб – IT соҳасининг ривожлангани. Яъни биз доим ҳаётимизда технология билан бирга юрганимиз учун ҳам шундай. Мисол учун, сиз иш қидириш учун қидирув тизимидан фойдаландингиз. Дарров кўчага чиқиб, бирор корхонанинг олдига бормадингиз ёки эълонларни кўрмадингиз. Шунчаки, ўтирган жойингиздан қидирдингиз. Бу қидирув тизимини айнан дастурчилар яратган.

Бундан ташқари, миллионерлар рўйхатидаги бадавлат инсонларнинг кўпи IT соҳасидаги гигантлардир. Мисол учун, Жеф Безос (Amazon), Марк Цукерберк (Facebook), Билл Гейтс (Мicrosoft)... Уларнинг дастурлари доимий ишлаб туриши учун уларга айнан дастурчилар керак.

― Сиз ташкил этган «дастурчилар инкубатори»нинг бошқа марказлардан фарқи нимада?

― Биз уларга дастурлашни бошқача усулда ўргатамиз, яъни уларнинг қўлига реал лойиҳалар берамиз. Ўқувчиларимиз дастурлашни лойиҳани амалга ошириш жараёнида ўрганишади. Назария ва лекциялар кам бўлиб, улар лойиҳа устида жамоа бўлиб ишлашади. Улар доимо иш жараёнида бўлишади. Бирор корхонага ишга борса ҳам, жамоа бўлиб ишлашда қийналишмайди.

― Содда қилиб тушунтирганда, дастурлаш ўзи нима?

― Кундалик ҳаётимизда кўп шу ҳолатга дуч келамиз. Мисол учун, кимдир билан суҳбатлашсам, нима иш қилишимни сўрайди. Дастурчиман десам, кўпчилик телефон ёки компьютерини кўриб беришимни илтимос қилиб қолишади. Кўпчилик дастурчиларни компьютер ёки телефонни тузатиб берувчи сифатида тушунади. Aслида тузатиш вазифасини бажарувчилар дастурлардан фойдаланишади. Дастурчилар эса улар фойдаланадиган дастурларни яратиб беришади. Улар ижодкорлар ҳисобланадилар.

― Курсларнинг давомийлиги қанча?

― Курслар икки хил: интенсив ва одатий шаклда ташкиллаштирилади. Интенсив шаклда давом этадиган курслар одатда 4 ой, одатий курслар эса 6 ой давом этади. Курслар 4 ойдан кам эмас. Биз боланинг ишлаб кета олиши учун зарур билимларни шунча вақт ичида бера оламиз.