Кўплаб жамиятларда фермер — эъзозланадиган, ҳурматланадиган ҳур инсон бўлиб, айнан унинг ҳуррияти, яъни ҳеч ким унинг ишига аралашолмаслиги қишлоқ хўжалиги соҳасининг муваффақияти гарови деб билинади.

Бизда-чи?

Ўзбек фермерининг жамловчи суратини чизадиган бўлсак, қандай қиёфа ҳосил бўлади? Биздаги фермерчилик манзарасининг асосий чизгилари нима? Эрк, ҳуррият бу манзаранинг асосий чизгиларидан бирими?

Бу саволга жавоб бермоқни ният қилиб юргандим, «қаҳрамон»нинг ўзи мени излаб, олдимга келиб қолди.

Абдувоҳид Қурбонов — Денов тумани ҳудудида яқиндагина, икки йилча аввал фермерликни бошлаб, аммо бу орада ушбу фаолиятини тугатишга ҳам улгурган тадбиркор. Унинг ҳикояси асосида бирор-бир режиссёр фильм оладиган бўлганда, бу фильм томошабинни йиғи аралаш кулдирадиган трагекомедия жанрида бўлар эди.

Балки унинг икки йиллик «фермерлик амалиёти» соҳадаги мавжуд ҳолатнинг барча қирраларини ўзида жамламас, бироқ у ҳолат қай даражада мантиққа зид эканини кўрсатиб беришга қодир, деб ўйлайман.

***

Абдувоҳиднинг ҳикоясини тинглаймиз.

Тадбиркор эдим. Тошкент бозорларидан бирида мева-сабзавот сотардим. Мамлакатимизда тадбиркорликка кенг имконият яратиш бўйича бошланган ислоҳотлардан руҳланиб, фаолиятимни кенгайтиришга, қирраларини бойитишга қарор қилдим.

Қарасам, она шаҳрим Деновда ҳам қилинадиган ишлар кўп экан. Масалан, деҳқонларни сифатли картошка уруғи билан таъминлаш соҳаси ачинарли аҳволда экан. Деҳқонлар картошка етиштиришмоқчи бўлиб, уруғ сотиб олмоқчи бўлишса, савдогарлар уларга фалон нав деб, бошқа навни пуллашар экан... Денов деҳқонлари эса билмасдан бу уруғларни сотиб олаётганларининг, бунда ҳеч қандай жавобгарлик кўзда тутилмаслигининг гувоҳи бўлдим.

Шунда менинг тиниб-тинчимас миямга бир фикр келди: «Денов ҳудудида озроқ ер олиб, чет элдан келадиган уруғларни ўз еримда синаб кўриб, Денов деҳқонларини яхши уруғлар билан таъминлайман, бу билан Денов ва унинг атрофидаги деҳқонларнинг ишончини қозонаман, ўзим ҳам фойда кўраман, деҳқонлар ҳам уруғ танлашда адашмайди», деган режа туздим. Аммо бу фақат режаларимдан бири эди, холос.

Фермерчилик қилишдан ташқари, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бир талай режаларимни секин-асталик билан бўлса-да амалга ошириш учун хусусий корхона ҳам тузишни режа қилдим. Туздим ҳам.