Мамлакат кўпчиликка тропик табиати ва пляжлари билан яхши таниш. Аммо Малайзияга саёҳатни фақат денгиз бўйида дам олиш билан чеклаб бўлмайди. Масалан, харид (shopping), гастрономия ва шаҳар саёҳатини бирлаштирмоқчи бўлганлар учун Куала-Лумпур алоҳида имкониятлар тақдим этади. Шаҳарнинг марказида жойлашган Pavilion Kuala Lumpur савдо марказида 700 дан ортиқ дўкон бор. Бу ерда Chanel, Dior, Gucci, Prada ва Hermès каби халқаро брендлар билан бир қаторда кийим-кечак, аксессуарлар, заргарлик буюмлари, соатлар ва косметика маҳсулотларини топиш мумкин.

Бироқ Малайзияда харид (shopping) фақат қиммат брендлар билан чекланмайди. Мамлакатда йил давомида турли чегирма ва савдо акциялари ўтказилади. Куала-Лумпур яқинида Mitsui Outlet Park KLIA Sepang ва Genting Highlands Premium Outlets каби премиум аутлетлар (машҳур брендлар маҳсулотлари чегирма билан сотиладиган савдо марказлари) ҳам фаолият юритади. Бу жойлардан машҳур брендларнинг маҳсулотларини нисбатан қулайроқ нархларда сотиб олиш мумкин. Яъни мамлакатда харид учун турли бюджетларга мос вариантларни топиш имкони мавжуд.

Дунё ошхоналарига саёҳат

Малайзияга бориб, маҳаллий таомларни татиб кўрмаслик қийин. Мамлакат ошхонаси малай, хитой, ҳинд, нёня ва бошқа маданиятларнинг анъаналарини ўзида бирлаштиради. Шу сабабли, бу ерда таомлар танлови жуда кенг.

Куала-Лумпурда эса фақат маҳаллий таомлар билан чекланиб қолмайсиз. Шаҳарда япон, корейс, араб, ҳинд, хитой, Яқин Шарқ ва ғарб ошхоналарига ихтисослашган ресторанлар бор. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Малайзияда ҳалол таомлар кенг тарқалган. Бу эса мусулмон сайёҳлар учун маҳаллий гастрономияни кашф этишни янада қулайлаштиради.

Турли бюджетга мос меҳмонхоналар

Яхши саёҳат фақат кунлик таассуротлардан иборат эмас. Кун охирида қулай меҳмонхонага қайтиш ҳам муҳим. Малайзияда турли сегментдаги меҳмонхоналар ва курортлар кўп. Куала-Лумпурдаги замонавий шаҳар меҳмонхоналаридан тортиб, Лангкави ва Пенангдаги пляж бўйидаги курортларгача бўлган вариантлардан саёҳат режасига қараб танлов қилиш мумкин.