Ўзбекистон | 15:18 / 18.09.2020
67538
2 дақиқада ўқилади

ССВ коронавирус қурбонига айланган 11 ёшли бола ўлими бўйича қўшимча маълумот берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус оқибатида вафот этгани маълум қилинган 11 ёшли бўстонлиқлик бола бир неча йилдан бери оғир ташхис билан диспансер назоратида турган.

Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳрида истиқомат қилган 11 ёшли фуқаро М.Ў.нинг вафоти юзасидан шуни маълум қиламизки, бемор 5 сентябрь куни эрталаб соат 8:00 да туман тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимига тез тиббий ёрдам машинасида олиб келинган. Болада ўша вақтда бурундан қон кетиши, тана ҳароратининг 38 даражага кўтарилиши, нафас сиқиши кузатилган. Кўкрак қафаси ренгени қилинганда 50 фоиз зарарланиш аниқланган.

Бола 2012 йилдан буён сурункали гломерулонефрит, нефротик шакли, сурункали буйрак етишмовчилиги, камқонлик ва семизликнинг учинчи даражаси ташхиси билан диспансер назоратида турган ва ногиронлик нафақаси олиб келган. Тошкент тиббиёт академиясининг болалар нефрология бўлимида юқоридаги ташхис билан йилига 2 марта стационар шароитда даволаниб турган. Сўнгги бор 2020 йил 11-20 июль кунларида Чирчиқ шаҳридаги Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг нефрология бўлимида даволанган. 

Бемор Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасида инфекционист, реаниматолог, педиатр шифокорлари томонидан консилиум қилинган ва унга коронавирус ташхиси қўйилиб, тезкор тартибда Чирчиқ шаҳридаги шу соҳага ихтисослашган шифохонага келтирилган. 

Кўрилган даво чораларига қарамасдан, бемор сурункали гломерулонефрит, буйрак етишмовчилигининг терминал босқичи, семизлик ва анемиянинг учинчи даражаси, икки томонлама пневмониянинг оғир шакли натижасида вафот этган», дея Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотини келтирган вазирлик матбуот хизмати.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати 5 сентябрь куни рўй берган ушбу ўлим ҳолати ҳақида 17 сентябрь куни маълумот берди. Вазирликнинг расмий статистикасига кўра, Ўзбекистонда шу кунгача 417 киши коронавирусдан вафот этгани тасдиқланган.

Мавзуга оид