Жаҳон | 13:31 / 20.09.2020
26820
3 дақиқада ўқилади

АҚШ россияликлар билан тўқнашувлар ортиши ортидан Сурияга қўшимча ҳарбий жўнатмоқда

Пентагон Сурияда америкалик ва россиялик ҳарбийлар ўртасида давомли тўқнашувлар келиб чиқаётгани ва томонлар ўртасида вазият кескинлашаётгани туфайли ушбу ҳудуддаги ҳарбий хизматчилари сонини оширмоқда.

Фото: Getty Images

Суриянинг шимоли-ғарбий қисмида навбатчилик қилаётган ҳарбийлар ўртасида тўқнашувлар шу йилда кўпайди. Энди бу ерга 100 нафар америкалик ҳарбий ва 6та ҳарбий техника юборилади.

АҚШ ҳарбий денгиз кучлари капитани, АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги расмий вакили Билл Урбан қўшимча контингент жойлаштирилишидан мақсад коалиция кучлари хавфсизлигини таъминлашдан иборат эканини айтиб ўтган.

У Кувайтдан ҳарбий машиналардан ташқари «Сентинел» радарлари ҳам Суриянинг ушбу қисмига кўчирилаётгани, бу ерда навбатчилик рейдлари миқдори оширилишини маълум қилган.

«АҚШ Сурияда бошқа давлатлар билан зиддият изламоқчи эмас, аммо зарурат туғилса, коалиция ҳарбийларини ҳимоя қиламиз», деган Урбан.

Россияга яққол сигнал
Билл Урбан ўз чиқишида Россия номини тилга олмаган, аммо америкалик бошқа бир ҳарбий амалдорнинг баёноти очиқроқ бўлган.

«Бу ҳаракатлар ва кўмак кучлари юборилиши - Россияга яққол сигнал, Сурия шимоли-шарқида Россия ва бошқа томонлар нопрофессионал, хавфсиз бўлмаган ва бузғунчи ҳаракатлардан тийилишлари, кескинлик юмшатилиши учун келишувларга риоя қилиниши керак», дея номи ошкор қилинишини истамаган америкалик расмийнинг сўзларини келтирган NBC телеканали.

NBC қўшимча кучлар коалиция ҳарбийлари ва курд отрядлари назоратидаги хавфсиз ҳудудга россияликлар томонидан ҳужум қилинишининг олдини олиш мақсадида юборилаётганини айтган манба сўзларини ҳам келтирган.

Сўнгги йилларда Сурияда россиялик ва америкалик ҳарбийлар ўртасида турли ҳодисалар рўй бериб турибди. Аммо сўнгги ҳафталарда зиддият қатъий характер касб этди.

Август ойи охирида америкалик етти нафар ҳарбий россияликларнинг жанговар машинаси билан тўқнашув туфайли жароҳат олганди.

Ҳодиса видеоёзувлари Россиядаги Rusvesna.su сайтида пайдо бўлганди

Ҳозирда ушбу ҳудудда 500 нафарга яқин америкалик аскар бор - бу аввал бўлганидан анча кам.

2019 йил октябрида АҚШ президенти Трамп Суриядан минг нафар ҳарбийни олиб чиқишга қарор қилганди.

Бир неча ой ўтиб у Сурияда нефть қудуқларини қўриқлаш учун бир неча юз аскар қолдирилишини маълум қилди.

Мавзуга оид