Ўзбекистон | 11:22 / 23.09.2020
20699
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилди

Институт қўшни давлатларнинг ташқи сиёсат концепция ва мақсадларини таҳлилий ёндашувлар асосида пухта ўрганади.

Ўзбекистон президенти 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеяси олий минбаридан туриб, қатор муҳим ташаббусларни, жумладан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг илк Маслаҳат учрашувини ташкил этиш бўйича таклифни илгари сурган эди. Ушбу мулоқот форматининг иккинчи йиғилиши Тошкентда ўтказилди ҳамда минтақада ўзаро манфаатли ҳамкорликни, ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш йўлида тарихий воқеа бўлди.  

Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбаси хабар беришича, маслаҳат учрашувининг иккинчи саммитида эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга ошириш, эксперт-таҳлил доира вакиллари,  амалиётчи мутахассислар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, минтақавий стратегияни ишлаб чиқишда улар иштирокини таъминлаш мақсадида ўтган ойда президентнинг алоҳида қарори билан Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилди. 

Институтнинг асосий вазифалари сирасига энг аввало, минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришга қаратилган стратегия ва дастурларнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, уларни илмий асосланган ҳолда чуқур таҳлил қилиш ва тадқиқ этиш киради. 

Институт минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган изланишларни, Марказий Осиё хавфсизлиги билан боғлиқ турли бошқа таҳдид ва муаммоларни самарали ҳал этишга қаратилган тизимли тадқиқот ишларини олиб боради. 

Қўшни давлатларнинг ташқи сиёсат концепция ва мақсадларини таҳлилий ёндашувлар асосида пухта ўрганади, минтақавий аҳамиятга эга турли лойиҳаларни батафсил таҳлил қилади ва бўлиб ўтадиган минтақавий халқаро илмий анжуман ва тадбирларда бу мавзуларни муҳокама қилади.

Мавзуга оид