Президент фармойишига асосан, Анвар Жамолиддинович Носиров Марказий Осиё халқаро институти директори этиб тайинланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар қилинди.
Анвар Носиров бунга қадар Президент Администрациясининг Ижро этувчи аппарати Ташқи сиёсат ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни ахборот-таҳлилий таъминлаш шўъбаси мудири лавозимида ишлаган. Бундан аввал эса Ташқи ишлар вазирлиги тизимида масъул лавозимларда, хусусан, вазир ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган; Ўзбекистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотидаги доимий вакили, ШҲТ бош котиби ўринбосари бўлган.
Маълумот учун, Марказий Осиё халқаро институти 2020 йил августида президент қарори асосида ташкил этилган.











