Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2022 йилларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагиларни назарда тутувчи 2020 – 2022 йилларда Бўстонлиқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури:

Бўстонлиқ тумани ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва туризм салоҳиятини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси;

Бўстонлиқ туманида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

Бўстонлиқ туманида йўл-транспорт инфратузилмаси тизимини ҳамда ичимлик сув таъминоти ва канализация тармоқларини яхшилаш, электр энергия, табиий газ, экология, ободонлаштириш ва алоқа тармоқларини қайта қуриш ва модернизация қилиш, ободонлаштириш ва таъмирлаш дастури;

Бўстонлиқ туманида ижтимоий соҳа объектларини янгидан қуриш ва таъмирлаш дастури;

Бўстонлиқ туманида ирригация ва мелиорация объектларини қайта қуриш ва таъмирлаш дастури тасдиқланади.

Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

хизматлар соҳаси, хусусан туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва барча мавсумда фаолиятини таъминлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш орқали саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш;

туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳоли, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқаролар бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадлари ва турмуш даражасини ошириш;

аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, шу жумладан ички йўлларни ва ижтимоий соҳа объектларини реконструкция қилиш ва қайта таъмирлаш, аҳолининг тоза ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси билан таъминланганлик даражасини ошириш;

ижтимоий соҳа объектлари ҳолатини яхшилаш, биноларини таъмирлаш, ҳудудларини ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини тубдан ошириш.