Ўзбекистон | 15:53 / 29.09.2020
4409
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» магистрал тармоқлар нимстанциялари бўйича халқаро тендер натижаларини эълон қилди

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти магистрал тармоқлар нимстанцияларини таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича ўтказилган халқаро тендер танлови натижаларини эълон қилди.

Лойиҳанинг молиялаштириш манбайи Жаҳон банки бўлиб, баҳолаш валютаси АҚШ доллари ҳисобида, харид қилиш усули эса халқаро танлов савдолари этиб белгиланган.

Тендер танловида «Ўзэлектроаппарат-Электрошчит» акциядорлик жамияти 25 992 770.47 долларлик таклиф билан ғалаба қозонди.

Тендерда комиссия томонидан баҳоланган 6 та компаниянинг 3таси 20 млн доллардан кам таклиф берган ва уларнинг таклифлари мавжуд шартлардаги техник талабларига тўлиқ жавоб бермагани (мувофиқ эмас деб топилгани) боис нарх таклифи тегишли тартибда рад этилган. Улар: SUMEC Complete Equipment & Engineering Co., Ltd, Sinohydro Corporation Limited ва «НПП Бреслер».

Бундан ташқари Grid Solutions SAS Branch in Latvia 20,2 млн евро, China Machinery Engineering Corporation эса 38,5 млн долларлик таклиф берган.

Очиқ маълумотларга кўра, «Ўзэлектроаппарат-Электрошчит» акциядорлик жамиятининг 80 фоиз акцияси Toshelectroapparat МЧЖ ХКга, 18,9 фоизи GK Elektroshit-TM Samara компаниясига, 1,1 фоизи жисмоний шахсларга тааллуқли. Toshelectroapparat МЧЖ ХК эса тўлиғича чет эл компанияларига — 75 фоизи Tanotraden AG (Швейцария) ҳамда 25 фоизи Comagra Commerz & Agrar-Handel AG (Швейцария) компанияларига тегишли.

Мавзуга оид