21 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларидаги қонунбузилишлар юзасидан иш қўзғатилди, дея хабар бери Рақобат қўмитаси ахборот хизмати.
Қайд этилишича, қўмитанинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан “Қуюв-механика заводи” томонидан ўтказилган энг яхши таклифларни танлаш савдолари “Рақобат тўғрисида"ги қонун талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганилган.
“Ўзбекистон темир йўллари тизим ташкилоти бўлган завод ўтказган жами 21 млрд сўмдан ортиқ бўлган 8 та танлов савдоларида қонун талаблари бузилгани аниқланди. Хусусан, “Рақобат тўғрисида"ги Қонуннинг 29-моддасига риоя қилинмай, савдоларда рақобатни чекловчи ёки чеклаши мумкин бўлган ҳаракатлар содир қилинган”, дейилади хабарда.
Юқоридаги ҳолат бўйича қўмитанинг ҳудудий бошқармаси махсус комиссияси томонидан буюртмачи ташкилотга нисбатан иш очилиб, белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланган.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.











