Оқолтин тажрибаси: маҳалла аҳлининг қон босими, бўйи ва вазни, қорин ҳажми ўлчаб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида аҳоли билан учрашган ва унда одамларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш, спорт билан шуғулланиш учун шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлаганди, деб хабар бермоқда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги.
Қайд этилишича, учрашувда давлат раҳбари ҳар бир маҳалла кесимида фуқароларни артериал қон босими, томир уриши, бўйи ҳамда вазни ҳақида маълумотлар базасини яратиш, ҳар чоракда фуқароларнинг саломатлигини мониторинг қилиб бориш ҳамда пандемияни жисмоний тарбия ва спорт билан енгиш бўйича Оқолтин тумани намунасини республикага кенг жорий этишни ҳам таъкидлаб ўтган.
«Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорликда Оқолтин туманидаги Янги Тошкент маҳалласида ташаббускор ҳамда фидойи тренер ва ҳамширалар иштирокида ҳар бир фуқаронинг артериал қон босими, бўйи, вазни, қорин қисми ҳажмлари ўлчаниб, маълумотлар базаси шакллантирилди. Қолаверса, фуқароларнинг спорт турларига бўлган қизиқишлари ҳам ўрганилди.
Оқолтин туманидаги Янги Тошкент маҳалласида жами 7 та кўча (Сергели, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Амир Темур, Юнусобод, Чилонзор, Бектемир, Яккасарой) мавжуд бўлиб, аҳолининг умумий сони 1 115 нафарни (шундан 578 нафари аёллар), хонадонлар сони 131 тани ташкил этади.
Ташаббускор тренер ва ҳамширалар уйма уй юриб, жами 687 нафар фуқаронинг артериал қон босими, бўйи, вазни, қорин қисми ҳажмларини ўлчаб чиқишди.
Шунингдек, ўтказилган сўров натижасида аҳолининг 164 нафари футбол, 76 нафари волейбол, 43 нафари баскетбол, 96 нафари бадминтон, 82 нафари workout, 56 нафари стол тенниси, 34 нафари бадиий гимнастика, 69 нафари бокс, 29 нафари кураш ва 38 нафари бошқа спорт турларига қизиқиши аниқланди.
Тадбир давомида оммавий бадантарбия ва юриш тадбирлари ташкил этилиб, унга жами 378 нафар иштирокчи жалб этилди», – дейилади хабарда.
Мавзуга оид
14:17 / 28.03.2024
Сирдарёда кучли шамол кўп қаватли уй томини учириб юборди
10:51 / 24.09.2023
Учта вилоятда қалбаки валюталар муомалага чиқарилишига чек қўйилди
13:43 / 17.09.2023
Оқолтин туманидаги кўприк балкалари синиб, «Тошкент-Термиз» йўналиши вақтинча ёпилди
08:43 / 02.04.2023