Энг кўп зарар кўрган беш мамлакат кетма-кетлиги ўзгаришсиз қолмоқда: АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия, Россия ва Испания. Шунингдек Аргентинада ҳам касалланиш ҳолатлари сони миллиондан ошиб кетган, Колумбия ва Франция ушбу чегарага яқинлашмоқда. Пандемия бошланган Хитой ушбу кўрсаткич бўйича дунёда 54-ўрингача «пастлаган».

Баҳорги тўлқинни нисбатан осон ўтказган, аммо ҳозирга келиб 100 минг аҳолига тўғри келадиган ҳолатлар ва ўлим кўрсаткичлари бўйича Европада биринчи ўринни эгаллаган Чехияда яна карантин жорий қилинди: у ерда фақат ишлаш ва зарур харидлар учун ташқарига чиқишга рухсат берилади. 

Германия шимоли-ғарбидаги Делменҳорст шаҳрида Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари авж олди

Карантин чоралари Ирландия ва Италиянинг Лацио, Ломбардия ва Кампанья минтақаларида кучайтирилди.

Бельгиянинг ўтган шанба куни коронавирус ташхиси қўйилган 45 ёшли ташқи ишлар вазири Софи Вильмес реанимацияга ўтказилди.

Германиядаги вазият ёмонлашмоқда

Франкфурт: Германия армияси тиббий ходимларга ёрдам учун жалб этилди

Чоршанба куни Германия бўйлаб Covid-19’нинг 11 287та янги ҳолати аниқланди, бу пандемия бошлангандан бери энг юқори кўрсаткич.

Беморлар орасида соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан ҳам бор. У ҳозирча уйда даволаняпти. 

16 октябрда ўрнатилган аввалги антирекорд ҳозиргисидан бир ярим баравар паст бўлган - 7830 киши. 

Роберт Кох институти раҳбари Лотар Вилер вазиятни ўта жиддий деб атади ва ватандошларини эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилишга чақирди. 

Вилер касалликнинг кескин ортиб кетишида бир-бирлариникига ташриф буюришни давом эттираётган ва ёпиқ биноларда базмлар уюштираётган ёшларни айблади. 

Берлиннинг энг гавжум кўчаларида ниқобда бўлиш мажбурийдир. 

Тоғ чанғи мавсуми яқинлашар экан, пайшанба куни расмийлар фуқароларни Австрия, Италия ва Швейцариядаги курортларга бормасликка чақирди. Чет элда бўлиб қайтганлар 10 кунлик мажбурий карантинда ўтириши талаб этилади.