Қуйида шунга ва шу каби ҳолатга тушган одамларнинг ўзини қандай ҳис қилишига доир бир қанча тушунтиришлар келтирилади.

Ҳид билиш муаммолари тез-тез кузатилмоқдами?
Бу ҳақда ишончли маълумотлар йўқ. Аммо мавжуд сўнгги маълумотлар таҳлилидан бирида айтилишича, бу коронавирусга чалинган европаликлар орасида ҳар иккинчи одамда, Осиё мамлакатларидаги беморларнинг эса 17 фоизида кузатилмоқда.

Умуман олганда сабаб нима?
Бир неча назариялар мавжуд:

  1. Бурун шиллиқ қавати шишиши ёки бурун тўлиб қолиши оқибатида ҳид учун жавоб берувчи молекулалар ва уларни қабул қилиб олувчи рецепторлар ўртасидаги алоқа тўсилиши мумкин. Бу ҳолат тумовга олиб келувчи вирусли инфекция касалликларида тез-тез содир бўлади. Ушбу назария билан боғлиқ муаммо шундаки, ковиднинг тумов аломатлари кузатилмаган беморларида ҳам аносмия ва гипосмия ривожланади.
  2. Ҳид ҳақидаги маълумотни узатишга жавобгар бўлган асаб ҳужайралари ўлади, натижада бу маълумотлар мияга етиб бормайди. Беморларнинг катта қисмида ҳид сезиш қобилияти асаб ҳужайраларидан кўра тезроқ тикланиши шубҳа уйғотади. Бундан ташқари, коронавирус асаб ҳужайраларига ёпишиб, уларнинг ичига кира олмайди, чунки уларда коронавируснинг ҳужайрага киришида одатий йўлак вазифасини бажарувчи махсус «эшик»лар (яъни рецепторлар) мавжуд эмас.
  3. Вирус миянинг ҳид учун жавоб берувчи қисмларига чуқурроқ кириб боради. Натижада, уларнинг фаолияти бузилади ва ҳид сезилиши йўқолади. Аммо бунда ҳам муаммо шуки, етказилган бундай шикастлар кўп сонли беморларнинг тез қайта тикланишига имкон бермаган бўларди.
  4. Ҳид билиш тизимида қўллаб-қувватловчи функцияни бажарадиган ҳужайралар зарарланади. Улар ҳидни қабул қилишнинг энг биринчи босқичида қатнашадиган асаб ҳужайраларига ёрдам беради. Натижада асаб ҳужайралари вақтинча ишдан чиқади. Ушбу назариянинг яна бир томони шундаки, қўллаб-қувватловчи ҳужайралар янги коронавирус учун зарур бўлган рецепторларга эга. Назарий жиҳатдан, вирус ушбу ҳужайралар орқали миянинг ҳидни таниш учун жавоб берадиган қисмларига кириб, зарар кўламини янада кенгайтириши мумкин.

Асаб ҳужайралари тикланишга ҳаракат қилганда ва ҳали керакли даражада ишлай олмаган вақтда паросмия пайдо бўлиб, ҳидлар кўнгил айнитиш даражасида қабул қилиниши мумкин. Аммо, тан олиш керакки, олимлар унинг сабабларини ўрганишга камроқ эътибор беришади.