Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нобель совриндорлари тадқиқот натижаларини Ўзбекистонда қўллаш бўйича тажриба ўтказилмоқда
Камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилган ишлари учун 2019 йили Нобель мукофотига лойиқ кўрилган Абхижит Банержи, Эстер Дюфло ва Майкл Кремерларнинг амалиётини Ўзбекистонда қўллаш бўйича тажриба ўтказилмоқда.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Тошкент вилоятининг Бўка ва Чиноз туманларида камбағалликни қисқартириш бўйича тажриба-синов ишлари бошланганини маълум қилди. Ушбу ишларда Нобель совриндорларининг тадқиқот натижалари қўлланмоқда.
«Ишчи гуруҳи аъзолари 8 кун давомида Бўка туманидаги барча маҳаллаларда 10-12тадан жами 504та, Чиноз туманидаги барча маҳаллаларда 10-12тадан жами 648та, умумий ҳисобда 1152та уй хўжаликларида кузатувларни амалга оширди.
Кузатувлар давомида уй хўжаликлари таркиби, яшаш шароитлари, истеъмол харажатлари, реал даромадлари, узоқ муддат фойдаланадиган воситалари, уй хўжалиги аъзоларининг моддий неъматлар ва ижтимоий хизматлардан фойдалана олиш имкониятлари, жумладан, бепул тиббий хизматдан фойдаланиши, фарзандларининг таълим олиши сифати, моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик ташаббуслари ўрганилди», — дейилади вазирлик хабарида.
Таъкидланишича, эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг ёшига нисбатан бўйи, вазни ўлчанди ҳамда дарсларни ўзлаштириши ўрганилди. Психологлар томонидан эҳтиёжманд оила аъзолари билан индивидуал суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг психологик портретини шакллантириш ва камбағалликдан чиқариш бўйича руҳий рағбатлантириш ишлари амалга оширилди.
«Кузатувлар якуни бўйича олинган маълумотлар асосида Ўзбекистонда камбағаллик чегарасини аниқлаш, «яшаш минимуми» ва «истеъмол саватчаси» бўйича ҳисоб-китоб ишларини якунига етказиш, аҳолининг базавий истеъмол харажатлари ва камбағаллик чегараси мезонини ҳисоблашни амалиётга жорий этиш ҳамда республикада камбағалликни қисқартиришга йўналтирилган стратегик чора-тадбирларни ишлаб чиқишда фойдаланиш режалаштирилган», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Нобель совриндори бўлган иқтисодчилар олимлар ривожланаётган мамлакатларда қуйидаги асосий йўналишларда қатор экспериментлар олиб боришган:
- камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар жойлардаги шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда аниқ тажрибалар асосида ишлаб чиқилиши;
- арзон ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, бепул эмлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш;
- аҳолининг таълим олиш давомийлиги ва таълим сифатини ошириш;
- ижтимоий ҳимоя тизими ва муҳтожларни моддий қўллаб-қувватлаш;
- микрокредитлаш ва тадбиркорликка руҳлантириш;
- камбағалликни қисқартиришда психологик факторларнинг ролини ошириш;
- ривожланаётган мамлакатларда камбағалликни қисқартириш бўйича институционал чекловларнинг мавжудлиги ва бошқалар.
Мавзуга оид
10:15 / 17.06.2026
Ўзбекистонда 10 ёшдан катта аҳолининг қарийб барчаси мобил телефон ишлатади
23:44 / 13.06.2026
Туркияда қўлга олинган халқаро қидирувдаги икки шахс Ўзбекистонга қайтарилди
12:12 / 09.06.2026
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қисқарди
11:00 / 08.06.2026