Ўзбекистон | 10:40 / 28.10.2020
3788
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида Сингапур компанияси билан ҳамкорликда «Нурафшон сити» қурилади

Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ва Сингапурнинг «Universal Success Enterprises Limited» компанияси раиси Прасун Мукержи пойтахт вилоятида «Нурафшон сити» қурилиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида бош келишувни онлайн тарзда имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ҳужжат Сингапур компанияси томонидан ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда 2021 йил биринчи чорагининг охирига қадар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш, кейинчалик тасдиқлаш ва замонавий Нурафшон шаҳри қурилишининг бошланишини назарда тутади. Лойиҳанинг умумий майдони тахминан 2 минг 833 гектарни ташкил этади ва у уч босқичда амалга оширилади.

Лойиҳани «Universal Success Enterprises Limited» ёки ушбу компания томонидан ташкил этилган хорижий компаниялар консорциуми томонидан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ёки хорижий молия институтларининг кредит линиялари асосида амалга ошириш кўзда тутилган. Инвестицияларнинг умумий ҳажми лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш натижаларига кўра аниқланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид