Ўзбекистон | 07:24 / 29.10.2020
12145
4 дақиқада ўқилади

Kun.uz номидан иш юритаётган сохта мухбирлардан огоҳ бўлинг!

Kun.uz интернет нашри муҳим маҳаллий ва хорижий янгиликларни тезкор ва холис ёритиш билан бирга, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар асосида ҳам таҳлилий-танқидий видеоматериаллар, журналистик суриштирувларни эълон қилиб бормоқда.

Фото : KUN.UZ

Сайт оммалашиб, обуначилари сони ошиб бориши баробарида таҳририят жамоаси ҳам тажрибали, ҳам ёш журналистлар билан кенгайиб бормоқда. Айни пайтга келиб, Kun.uz барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида доимий мухбирларига эга.

Сайт мухбирларининг танқидий мақолалари ва репортажларидан сўнг кўплаб муаммолар қонуний йўл билан ҳал этилишига эришилмоқда. Бу, албатта, меҳнатларимиз самарасиз кетмаётганининг тасдиғи сифатида кишини хурсанд қилмасдан қолмайди.

Бироқ, фаолиятимиз давомида Kun.uz номидан иш кўрувчи сохта мухбирлар ҳам пайдо бўлаётгани ҳақидаги маълумотларни эшитмоқдамиз. Уларнинг таҳририятга ҳеч бир алоқаси бўлмаса-да, турли ташкилот ва идоралар эшигини Kun.uz номидан бориб тақиллатишмоқда.

Бундай сохта мухбирларнинг асосий мақсади воқеликни холис ёритиш эмас, йўқ жойдан камчилик топиб, корхона ва ташкилотлар раҳбарларини энг оммабоп сайтлардан бирига олиб чиқиб, шарманда қилиш билан қўрқитиш орқали товламачилик қилаётгани кишини ҳам ғазаблантиради, ҳам таажжубга солади.

Боз устига, ундайлар «ишингни ҳал қилиб бераман», деб мурожаатчилардан ҳам турли харажатлар учун пул олишаётгани ҳеч бир қолипга сиғмайди.

Куни кеча таҳририятнинг Тошкентдаги офисига келган қашқадарёлик фуқаро, «Феруза» исмли шахс мурожаатини «Kun.uz сайтида чиқартириб бераман» деб ундан 300 АҚШ доллари миқдорда пул олганини маълум қилди.

Ўзини «Андижон телевидениесида ишлайман» деб таништириб юрган яна бир аёл фуқаролардан хайрия акцияларини Kun.uz саҳифаларида чиқариб беришни ваъда қилиб, турли миқдорларда пул маблағларини талаб қилаётгани маълум бўлди.

Афсуски, таҳририятимизга мутлақо алоқаси бўлмаган бундай кимсалар фуқароларда Kun.uz сайтига нисбатан салбий таассурот уйғонишига сабаб бўлмоқдалар.

Тамагирлик ва товламачилик каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида таҳририят штатидаги ходимлар ҳақидаги маълумотлар Kun.uz жамоаси бўлимида жойлаштирилганини яна бир бор эслатиб ўтишни лозим топдик.

Мурожаатчилар билиши лозимки, сиз таҳририятга йўллаган мурожаатни ўрганиш учун Kun.uz мухбири сиздан ҳеч қандай пул ёки хизмат талаб қилмайди. Барча харажатлар таҳририят ҳисобидан қопланади. Шунингдек, сайтда хайрия акцияларини эълон қилиш ҳам мутлақо бепул бўлиб, бунинг учун бирор бир тўлов ундирилмайди.

Kun.uz мухбири сайт томонидан тақдим этилган, муҳр ва имзо билан тасдиқланган хизмат гувоҳномаси ёки хизмат бейжигига эга бўлади. Ўзини Kun.uz вакили сифатида таништирган шахснинг сайтда ишлаш-ишламаслигини гувоҳнома, хизмат бейжиги ёки сайтга кириб, текшириб кўриш мумкин.

Олдингизга Kun.uz'да ишлайман деб борган кишининг исм-фамилияси ва фотосурати сайт жамоаси рўйхатида бўлмаса, демак у Kun.uz'дан эмас. Ушбу ҳолатда зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни тавсия қиламиз.

Шу ўринда, ижтимоий тармоқларда Kun.uz номидан очилган саҳифалар ёки Kun.uz номидан тарқатилаётган фейк хабарлардан ҳам яна бир бор огоҳликка чақирамиз. Эслатиб ўтамиз, сайтнинг Telegram мессенжери ва барча оммабоп ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари тасдиқ (Verified) белгисига эга.

Маълумот учун, таҳририятга мурожаатлар сайтнинг алоқа бўлими, электрон почта (info@kun.uz) ва Telegram-аккаунт (@kunuzmurojaat) орқали қабул қилинади.

Шунингдек, Реклама ва Сайт ҳақида саҳифалари орқали ўзингизга керакли маълумотларни олишингиз мумкин. 

Мавзуга оид