30 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда табиий газ қувурлари тизимининг ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Мажлисда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов аҳолига газ етказиб беришдаги қатор муаммоларни санаб ўтди.
«Бугунги кунда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ тасарруфида республика бўйича жами 89 172,1 км газ қувурлари мавжуд бўлиб, ушбу газ қувурларининг 20 525,3 км қисми 10 йилгача, 25 729,2 км қисми 10–25 йилгача, 42 917,5 км қисми эса 25–30 йиллар ва ундан ортиқ муддат давомида фойдаланиб келинмоқда.
Демак, шунча йиллардан бери марказий тизим қувурлари алмаштирилмаган. Бунга сабаб нима? Аҳоли шунча пайтдан бери газга пул тўлаяпти, МИБ тўламаганларнинг автомобилигача олиб қўйди қарздорликни ёпиш учун», – деди Бурхонов.
Сенатор Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида бўлган воқеа ҳақида сўзлаб берди.
«Ўрта Чирчиқ туманига борганимизда ёши катта бир онахон аёл олдимга келиб: «Яқинроқ келиб мени ҳидланг, мен орқали бутун аёлларни... Биздан гўнгнинг ҳиди келяпти. Тезак ёқяпмиз. Хоҳлаган хонадонингизга киринг, кўринг», – деди.
Мингдан ортиқ одам билан учрашув ўтказяпмиз. Трубалар бор, илгари газ бўлган, ҳозир йўқ... Мурожаат қилса: «Газ мободо узилиб қолса (ўзи бир неча йилдан бери газ умуман йўқ), суюлтирилган газ билан таъминлаймиз, 20 кг норма бор», деб жавоб беряпсизлар», – деди Сенат қўмитаси раиси «Ҳудудгазтаъминот» масъулларига қарата.

Бурхоновнинг сўзларига кўра, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан 2020 йилда бор йўғи 68,4 км газ тармоқлари мукаммал таъмирланган ва 49,2 км реконструкция қилинган. «Ўзтрансгаз» АЖ тасарруфидаги магистрал газ қувурларининг лойиҳаларида кўзда тутилган 2 117 та электро-кимёвий ҳимоя станцияларидан, бугунги кунда фақатгина 1 097 таси ишчи ҳолатда, 761 таси эса белгиланган талабларга умуман жавоб бермайди.
«Энг ачинарлиси, 25–30 йиллик газ қувурларини алмаштириш имкони бўлмаётган пайтда, фойдаланувга яроқли бўлган газ қувурларини асраш чоралари кўрилмаган.















