Бугун турли соҳаларда етарлича муаммолар бор. Ана шу муаммоларнинг баъзиларига туман мутасаддилари тугул, вилоятдагилар аралашса ҳам ечилмаслиги мумкин. Бунга сабаб, айрим муаммоларни ҳал қилиш учун «юқоридан» маблағ ажратилиши керак. Айрим муаммоларга эса маблағ топиш чўт эмас, шунчаки ўша «юқоридан» қандайдир қарор чиқарилиши керак бўлади. Баъзи муаммоларга эса кичик бир эътибор ҳам ечим бўлади. Самарқанд вилояти Ургут туманида ана шундай кўлами жиддий, аммо кичик бир эътибор билан ечса бўладиган муаммо бор...

Чиндан Ургутдаги муаммо туман доирасида ҳал қилинадиган иш аслида. Аммо бир неча йилдан бери ҳеч бир мутасадди «карнайчидан битта пуф экан-ку», деб муаммони ҳал қилишни зиммасига олмаяпти. Аммо суриштирувимиз давомида ана шу «кичик муаммо»нинг ечими анчайин мураккаб экани ҳам маълум бўлди.

Гап шундаки, Ургут шаҳрида жойлашган туман марказий шифохонасининг одамлар учун энг шошилинч ҳолатларда керак бўладиган иккита зарур бўлими – туғруқ ва тез тиббий ёрдам бўлимларига кириб чиқадиган йўлнинг бир қисми жуда тор.

Бундан ташқари, бу йўлда пиёдалар йўлакчаси ҳам йўқ. Шу сабабли бу ердан ўтиб-қайтаётган одамлар автомобиль йўлидан ҳаракатланишга мажбур. Оқибатда ҳайдовчилар пиёдаларнинг ўтиб кетишини кутиб қолиши ортидан ортиқча тирбандлик юзага келмоқда.

Бу ерда пиёдалар йўлакчаси йўқлигига сабаб шуки, йўлнинг бир томони туман марказий шифохонаси томонидан панжара билан ўраб олинган. Иккинчи томони эса уйлар ва савдо дўконлари билан туташиб кетган. Хуллас, бир парча кўча машиналарга ҳам, одамларга ҳам хизмат қилмоқда.

Муаммони ўрганиш жараёнида шу йўлдан ўтиб қайтаётган одамлар билан ҳам гаплашдик. Уларнинг айтишича, охирги йилларда Ургут туманида соғлиқни сақлаш соҳасида кўплаб яхши ишлар қилинган. Туман марказий шифохонасида қатор бўлимлар, жумладан, туғруқ ва тез ёрдам бўлимлари янгидан қурилган ҳамда янги тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Бошқа бўлимлар ҳам капитал таъмирланган. Ўтган йил юқумли касалликлар бўлими учун янги бино қурилиб, ишга туширилган.

Авваллари туман аҳолисининг аксар қисми сифатли тиббий хизмат учун вилоят марказига ёки пойтахтга боришга мажбур бўлган. Бугун янгиланган туман марказий шифохонасида уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Бу ерда турли операциялар ҳам ўтказилмоқда. Қисқаси, ургутликлар туман марказий шифохонасидаги шарт-шароитлар ва тиббий хизматдан норози эмас. Аммо тез ёрдам ва туғруқ бўлимига ўтадиган йўлдаги ҳолат кўпчиликни сарсон қилмоқда. Шу учун ҳам биз билан суҳбатлашганларнинг аксарияти мазкур йўлда пиёдалар йўлакчаси очиб қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлишини билдиришди.