Спорт | 01:34 / 03.11.2020
17237
3 дақиқада ўқилади

«Бундай қўллаб-қувватлашни ҳатто АҚШда ҳам топиш қийин» – Хавьер Мендес Ўзбекистондаги MMA ҳақида

Аралаш жанг санъати бўйича таниқли мутахассис айни пайтда AKA (American Kickboxing Academy) бош мураббийи ҳисобланади. У Ўзбекистонда ММА спорти учун ташкил этилган шарт-шароитлар билан танишиб, спортчилар ва журналистлар саволларига жавоб берди.

Хавьер Мендес машҳур шогирди – UFC'нинг енгил вазндаги чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов ҳақида фикр билдирар экан, унинг сўнгги жангига тайёргарлик анча қийин кечгани ҳақида гапириб ўтди.

«Сўнгги жангга тайёрланиш давомида биз жуда кўп муаммоларга дуч келдик. Ҳабиб отасининг вафотидан сўнг машғулотларга қайтиши билан тепки касаллигига чалинди. Икки ҳафталик даволанишдан сўнг у яна машғулотларга қайтди. Лекин жангга оз муддат қолганида, спарринг давомида оёқ бармоқларини синдириб олди. Мен унга жангни бекор қилишни таклиф қилдим, лекин у бунга кўнмади; «Оёғим синган бўлса ҳам ақлим бутун», деди», – деди мураббий журналистлар билан суҳбатда.

Мендес Ўзбекистонда аралаш жанг санъати учун яратилган шарт-шароитларга юқори баҳо берди.

«Мен бу ерда ўзимни худди уйдагидек ҳис этяпман. Ҳозир Ўзбекистон ММА жадаллик билан ривожланаётган мамлакатлардан бири. Сизларда бу спорт учун зарур барча қулайлик ва мураббийлар бор. Бунинг ҳаммаси Отабек [Умаров]нинг ушбу спорт тури учун қилган меҳнатлари самарасидир. Бундай имкониятни ҳатто АШҚда ҳам топиш мушкул.

Агар Ўзбекистондаги шароит ва имкониятлар менда бўлганида, ҳамма шогирдларим чемпион бўлишарди», – деди америкалик мутахассис.

Мендес октагонда ҳам ўзбекистонлик спортчилар билан машғулот ўтказди. У спортчиларни жангга тайёрлашда нафақат уларнинг жисмоний ҳолати, балки руҳий ҳолатига ҳам катта аҳамият бериш кераклигини таъкидлади.

«ММА спорт турида руҳий ҳолат жуда муҳим. Спортчи руҳан жангга тайёр бўлиши керак. Мен ҳар доим ўз жангчиларимни кучли жиҳатларига аҳамият берган ҳолда уларни руҳлантираман ва спортчиларга жангда ўзларининг устун жиҳатларидан кўпроқ фойдаланишларини маслаҳат бераман», – деди у.

Маълумот учун, Хавьер Мендес AKA (Amerikan Kickboxing Academy)га 1985 йилда асос солган. Айни пайтгача у ушбу клуб бош мураббийи сифатида қатор UFC чемпионларини тарбиялаган. Ҳабиб Нурмагомедов (енгил вазн), Люк Рокҳолд (ўрта вазн), Даниэль Кормье (ўрта оғир ва оғир вазн), Кейн Веласкес (оғир вазн) кабилар шулар жумласидан.

Мавзуга оид